Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятида спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида келиб чиққан келишмовчилик мудҳиш жиноят билан якунланди. Бешариқ туманида 58 ёшли эркак ўз танишини пичоқлаб ўлдирди.
Суд ҳужжатларига кўра, жиноят содир этилган куни икки таниш шахс биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилишган. Мастлик ҳолатида улар ўртасида бошланган ўзаро тортишув ҳақоратлар ва муштлашувга айланиб кетган. Жанжал авж олган паллада 58 ёшли эркак ошхона пичоғини олиб, шеригининг бош ва кўкрак қисмига бир неча бор зарба берган.
Жабрланувчи ҳодиса жойидан қочишга уринган бўлса-да, ярадорлиги сабабли йиқилган. Қотил эса ўз ўлжасининг ортидан қувиб чиқиб, ҳимояланишга мадори қолмаган танишини кўкрак қафасига қайта-қайта пичоқ уриш орқали ваҳшиёна тарзда ўлдирган.
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судида мазкур иш кўриб чиқилди. Судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми "в" ва "ж" бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.
Суд ҳукми билан унга 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида икки ака-ука ўртасида сув тақсимоти масаласида келиб чиққан маиший можаро ҳам фожиага сабаб бўлганди. Можаро иштирокчиларидан бири иккинчисини ов милтиғидан отиб ўлдирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас