Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёевга энергетика тармоғидаги устувор вазифалар ижроси юзасидан ахборот берилди. Унда электр ва газ таъминотини яхшилаш бўйича Янгийўл туманида йўлга қўйилган махсус штаб тажрибасини яна 13 та туманда жорий этиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Ҳозирда Янгийўл туманида фаолият юритаётган махсус штаб аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, электр таъминотидаги узилишлар, қувват етишмаслиги, газ босимининг пасайиши, техник шартлар олиш ва қарздорлик билан боғлиқ мурожаатларни жойида ўрганмоқда ҳамда уларни тезкор ҳал этиш чораларини кўрмоқда.
Ушбу тажриба асосида бошқа 13 та туманда ҳам шундай намунавий тизим ташкил этилиб, кейинчалик мамлакатнинг бошқа ҳудудларига босқичма-босқич жорий этилади.
Тақдимотда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, муаммоли электр ва газ тармоқларини янгилаш, энергия йўқотишларини камайтириш, авариявий узилишларни қисқартириш ҳамда соҳага рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам кўриб чиқилган.
Давлат раҳбари аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр ҳамда газ билан барқарор таъминлаш, соҳада ягона ва самарали бошқарув тизимини шакллантириш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқлар берган.

Изоҳлар мавжуд емас