Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. O’zmaxsus-suvqurilish масъулияти чекланган жамияти вакили Бош прокуратурага мурожаат қилиб, Мажбурий ижро бюросининг Бектемир тумани бўлими давлат ижрочиси мавжуд бўлмаган ижро ҳужжатлари ижросини тўхтатиб туриш эвазига 6,1 миллион сўм талаб қилаётганини билдирди. Мазкур мурожаат асосида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Бюронинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Расмий берилган хабарга кўра, ўтказилган суриштирувлар давомида гумонланувчи ходим аслида корхонага нисбатан ҳеч қандай ижро иши бўлмаса-да, корхона вакилини алдаб, 12 та сохта ижро иши мавжудлигини айтгани аниқланган. У талаб қилинган 6,1 миллион сўм пул маблағини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми "г" банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу тезкор тадбир коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйиш, адолат ва қонунийликни таъминлаш мақсадида амалга оширилган.
Олдинроқ Тошкент ва Фарғона вилоятларида жарима қўлламаслик эвазига минг доллар талаб қилган солиқ инспектори ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам беришни ваъда қилиб пул сўраган электр тармоқлари ходими жиноят иши айбланувчисига айланганди.

Изоҳлар мавжуд емас