Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Минтақада вазиятнинг кескинлашиши фонида Эрон ҳудудидан 632 нафар шахс хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Россия томонидан ташкил этилган ушбу жараёнда нафақат россияликлар, балки бошқа бир қатор давлатлар, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам олиб чиқилган.
Россиянинг Исфахондаги бош консули Андрей Жилцовнинг маълум қилишича, эвакуация ишлари шиддатли ракета зарбалари ва бомбардимонлар шароитида амалга оширилган. Жами тўртта махсус рейс орқали одамлар жанговар ҳаракатлар кетаётган ҳудудлардан хавфсиз жойга кўчирилган. Эвакуация қилинганлар орасида «Бушер» АЭС ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ҳам бор.
Хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган чет элликлар қаторида 81 нафар Беларусь, 27 нафар Тожикистон, шунингдек, Арманистон, Қозоғистон ва Украина фуқаролари мавжуд. Маълумотларга кўра, эвакуация қилинган гуруҳ таркибида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бўлиб, улар Эронни муваффақиятли тарк этганлар.
Март ойининг охирги кунларида ҳам Эроннинг "Бушер" атом электр станциясида фаолият юритаётган "Росатом" корпорациясининг 164 нафар ходими, шу жумладан, Ўзбекистон фуқаролари Арманистон орқали хавфсиз ҳудудга олиб чиқилганди. Эвакуация жараёни станция ҳудудига берилган тўғридан-тўғри зарбадан сўнг амалга оширилган.

Изоҳлар мавжуд емас