Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 22 август куни Давлат тест маркази сайтида ҳар-бир абитуриентнинг шахсий кабинетига тест синовларини топшириш учун махсус рухсатнома жойлаштирилади. ДТМ вакиллари имтиҳонга кириш учун нима кераклиги, у ерга қачон бориш лозимлиги ва ёмон об-ҳаво туфайли тестни кейинга қолдириш мумкинми, деган саволларга жавоб беришди. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Рухсатнома берилганлиги тўғрисида абитуриентларга SMS -хабар юборилади. Хабар рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатилган телефон рақамига келади.
АОКА штабида бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат тест маркази вакилларининг тушунтиришича, абитуриентлар имтиҳонга фақат паспорт ва чоп қилинган "Абитуриент рухсатномаси" билан келиши керак.
Паспорти бўлмаган абитуриентлар имтиҳонга қўйилмайди ва бошқа ҳужжат унинг ўрнини босмайди.
Тошкент, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий ва Сирдарё вилоятларида тест синовлари 13 кун давом этади. Имтиҳонларнинг энг қисқа муддати Фарғона вилоятида режалаштирилган бўлиб, у ерда абитуриентлар 9 кун ичида имтиҳон топширишлари мумкин.
Тест ўтадиган жойга унинг бошланишидан камида ярим соат олдин бориш керак. ДТМ маълумотларига кўра, эрталабки сменага абитуриентларни эрталаб соат 6:30 дан, кечки сменада - соат 16:30 дан киритиш бошланади.
Ҳокимликлар ва ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда абитуриентларни имтиҳонга олиб бориш ва қайтариш учун бепул транспорт ташкил этилади. Марказ вакилларининг айтишича, зарурият бўлганда, транспорт воситалари маҳаллагача ҳам кириб бориши мумкин.
Бу йилги тест синовлари очиқ жойларда ўтказилаётганлиги сабабли, ёмғир ёки кучли шамол бўлса, тегишли чоралар кўрилиши белгиланган. Бундай ҳолатларда тест синовлари бошқа кунга, имтиҳонлар тугаганидан кейин ўтказилади. Абитуриентларга тест кунининг кейинга қолдирилиши тўғрисида SMS -хабар боради.
Шунингдек ДТМ маълум қилишича, имтиҳон топшираётганда ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун истиснолар бўлмайди – бошқалар каби уларга ҳам тестларни ечиш учун бир хил вақт берилади.
Изоҳлар мавжуд емас