Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона водийси аҳолиси ва меҳмонлари учун Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилон шаҳарларини бирлаштирувчи янги темир йўл қатновлари бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев илк қатновда Қўқондан Марғилонгача бўлган йўлни босиб ўтди.
Лойиҳа Президентнинг 2025 йил 27 декабрдаги темир йўл транспортини ривожлантиришга оид қарори ижроси доирасида амалга оширилган. Ушбу 324 километрлик темир йўл ҳалқаси вилоятлараро қатновни оптималлаштириш, аҳолига қулай, хавфсиз ва арзон транспорт хизматини кўрсатишни мақсад қилган.
Тошкентдаги заводда ишлаб чиқарилган замонавий поезд юқори хавфсизлик стандартларига жавоб беради. Поезд 6 та вагондан иборат, 586 ўринга эга ва соатига 120 километр тезликда ҳаракатлана олади.
Чипта нархи 15 минг сўм этиб белгиланган, бу эса йўловчилар учун автотранспортга нисбатан анча ҳамёнбоп. Поезд кунига 1,5 минг, йилига эса 600 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатади. Вагонлар иқлим назорати ва кондиционерлар, бепул Wi-Fi ҳамда USB-портлар билан жиҳозланган.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтариш мосламалари ва кенг жойлар, шунингдек, велосипедлар учун махсус маҳкамлагичлар мавжуд. Зарарларни минималлаштирувчи "креш-тизим" ва видеокузатув камералари ўрнатилган.
Давлат раҳбари янги темир йўл ҳалқаси водийнинг иқтисодий фаоллигини оширишини таъкидлаган. Хусусан, бекатлар атрофида меҳмонхоналар, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш орқали ҳудуднинг туристик салоҳиятини юксалтириш ва маҳаллий аҳоли учун янги даромад манбаларини яратиш бўйича топшириқлар берилган.
Мазкур йўналишнинг ишга туширилиши водий вилоятларини янада яқинлаштириб, аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас