Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Интернетда номаълум шахс Ўзбекистон Киберхавфсизлик маркази давлат унитар корхонасининг ички тизимларига кириб борганини даъво қилиб, 100 нафар ходимга оид шахсий маълумотларни сотувга қўйгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ушбу шахс ўз қўлида янада махфий маълумотлар мавжудлигини айтиб, уларни ошкор этмаслик эвазига 200 минг доллар талаб қилмоқда.
Маълумотлар савдоси билан шуғулланувчи онлайн платформаларда жойланган рўйхатда ходимларнинг исм-шарифи, лавозими ҳамда ЖШШИР рақамлари келтирилгани айтилмоқда. Шу билан бирга, ҳакер Давлат хавфсизлик хизмати ва разведка органлари маълумотлар базасига ҳам кириш имкониятига эга эканини иддао қилган.
Киберхавфсизлик маркази мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, тизимлар дахлсизлиги таъминланганини маълум қилган. Унга кўра, марказнинг ички ахборот тизимлари бузилмаган ва бундай турдаги маълумотлар базаси амалда қўлланилмайди. Шунингдек, матбуот хизмати тарқалган исм-фамилиялар айрим ходимларга тегишли бўлиши мумкинлигини тан олган ҳолда, улар очиқ манбаларда ҳам учраши мумкинлигини ва ЖШШИР рақамлари эскирган бўлиши эҳтимоли борлигини таъкидлаган.
Айни пайтда эҳтимолий маълумот сизиб чиқиш манбалари, жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари ёки ташқи серверлар орқали тарқалган бўлиши мумкинлиги юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар фикрига кўра, бундай ҳолатларда ҳакерлар кўпинча кибер-шантаж усулидан фойдаланиб, давлат ташкилотларидан молиявий талаблар қўяди. Одатда эса бундай талабларни қондириш тавсия этилмайди, чунки бу маълумотларнинг кейинчалик тарқалмаслигига кафолат бермайди. Марказ оммавий ахборот воситаларини тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақириб, ҳолат юзасидан аниқланган қўшимча маълумотлар жамоатчиликка етказилишини билдирган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда февраль ойида ҳам 15 миллион фуқаронинг шахсий маълумотлари Dark Web тармоғига чиқиб кетгани айтилган эди. Ижтимоий тармоқларда ҳукумат тизимларига киберҳужум уюштирилгани ва рекорд даражадаги аҳоли маълумотлари ўғирлангани ҳақида иддаолар пайдо бўлганди.
Кейинчалик фуқароларнинг барча шахсий маълумотларига автоматик кириш учинчи томон ташкилотлари учун одатий равишда тўлиқ блокланган эди.
Бу ҳолат юзасидан Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов расмий муносабат билдирган. Вазирнинг таъкидлашича, ҳақиқатда 60 мингга яқин фуқаронинг маълумотлари талофат кўрган, бироқ тарқалган рақамлар ўта бўрттирилган.

Изоҳлар мавжуд емас