Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тизими тўлиқ ислоҳ қилиниб, соддалаштирилган тартиб кучга кирди. Ҳукуматнинг 2026 йил 5 майдаги 224-сонли қарори билан тасдиқланган янги низомга кўра, ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари ушбу соҳада масъул орган этиб белгиланди.
Янги тартибга кўра, рўйхатдан ўтиш жараёни мулкдор ва фуқаро иштирокида амалга оширилиб, уларнинг розилиги «Face-ID» ёки Mobile-ID тизимлари орқали масофавий тасдиқланади. Фуқаро янги манзилга келган кундан бошлаб 10 иш куни ичида рўйхатдан ўтиши, уй эгаси эса бу ҳақда ваколатли органга хабар бериши шарт.
Фуқаролар ўзларига қулай бўлган Давлат хизматлари марказлари, «Ақлли» миграция шохобчаларига шахсан боришлари ёки ЯИДХП ҳамда E-xabar berish тизимлари орқали онлайн мурожаат қилишлари мумкин. 18 ёшга тўлмаган фуқаролар ота-онаси ёки васийси рўйхатдан ўтган манзилда қайд этилади.
Алоҳида ҳудудларда, жумладан чегара зоналари, ёпиқ ҳарбий шаҳарчалар ва фавқулодда ҳолат эълон қилинган жойларда эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи чекланиши мумкин.
Шунингдек, бир нечта уйга эга бўлган мулкдорлар улардан фақат биттасига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши белгилаб қўйилди.

Изоҳлар мавжуд емас