Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 майдаги ПФ–78-сон Фармони билан мамлакатда тўловга қобилиятсизлик институтини тубдан ислоҳ қилиш ва соҳада мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этиш белгиланди.
Фармонга мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилмоқда. Мазкур Агентлик соҳада ягона давлат сиёсатини юритишга масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентликнинг асосий вазифалари тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, жараёнларни назорат қилиш ва тартибга солиш, соҳадаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни соддалаштиришдир.
Шунингдек, фармон билан Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси негизида Суд бошқарувчилари палатаси ташкил этилди. Ушбу палата барча суд бошқарувчиларининг мажбурий аъзолигига асосланади.
Палатанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий тузилмалари фаолият юритади. Бу тизим суд бошқарувчиларини бирлаштирувчи ягона ўзини ўзи бошқариш механизмини шакллантиради.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳоли билан мулоқот тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган янги ҳужжат қабул қилинганди. Президентнинг "Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 майдан бошлаб мурожаатлар билан ишлашнинг янги тартиби жорий этилади. Унга кўра, Ўзбекистонда Президент ҳузурида Халқ қабулхонаси ташкил этилган.

Изоҳлар мавжуд емас