Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган активларининг навбатдаги қисмини қайтариш бўйича битимни тасдиқлади. Унга кўра, мамлакатга 252,5 миллион доллар қайтарилади. Маблағлар соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилишича, маблағларни тақсимлаш стратегиясининг иккинчи босқичига оид ҳужжатни вазир ўринбосари Отабек Фазилкаримов, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Симоне Гигер ҳамда БМТнинг мамлакатдаги доимий координатори Сабине Маҳл имзолаган.
Қайтариладиган маблағлар "Ишонч" (Uzbekistan Vision 2030 Fund) траст жамғармаси орқали бошқарилади. Улар БМТ ва Жаҳон банки иштирокидаги дастурларга йўналтирилади.
Стратегиянинг иккинчи босқичида иккита асосий йўналиш белгиланган.
Соғлиқни сақлаш соҳасида болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш, айрим онкологик касалликларни даволаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш режалаштирилган.
Таълим соҳасида янги мактаблар қурилишини қўллаб-қувватлаш, ўқув жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва сифатли таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Лойиҳаларни амалга оширишда қишлоқ ҳудудлари ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳоли қатламларига алоҳида эътибор қаратилади.
Жамғарма фаолиятида коррупцияга қарши курашиш, шаффофлик ва маблағларнинг мақсадли сарфланиши асосий тамойиллар этиб белгиланган. Шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари лойиҳалар устидан мустақил мониторинг олиб бориши назарда тутилган.
"Ишонч" жамғармаси Гулнора Каримованинг активларини реституция қилиш жараёнида Ўзбекистонга қайтариладиган маблағларни бошқариш учун ташкил этилган.
Илгари Швейцариянинг Федерал жиноий суди Женевадаги Lombard Odier банкини Гулнора Каримова билан боғлиқ пул ювиш иши бўйича 3 миллион франк миқдорида жаримага тортганди.

Изоҳлар мавжуд емас