Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда коррупционерларнинг ёпиқ реестри яратилади
Жамият

Ўзбекистонда коррупционерларнинг ёпиқ реестри яратилади

2
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Ўзбекистонда коррупция жиноятлари учун судланган шахсларнинг ёпиқ электрон реестрини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ундаги маълумотлардан фақат ваколатли давлат органлари ходимлари ва реестрга интеграция қилинган ахборот тизимлари фойдалана олади. Судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланганидан кейин эса шахс ҳақидаги маълумотлар базадан ўчирилади.

Ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилган бўлиб, 2026 йил 22 июнда қабул қилинган ЎРҚ-1155-сонли Қонун ижросини таъминлашга қаратилган. Реестрга фақат суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми билан коррупцияга оид жиноятни содир этишда айбдор деб топилган шахслар киритилади.

Маълумотларни Ички ишлар вазирлиги ҳукм қонуний кучга кирганидан кейин уч иш куни ичида реестрга киритиши белгиланган. Реестрдан давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ҳамда қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этилишини текширишда фойдаланилади. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари номзодлар ҳамда ходимларни текширишни ташкил этиш учун шахсан жавобгар бўлади.

База ёпиқ тартибда ишлайди. Ундаги маълумотларни ваколатли давлат органлари ходимлари, жумладан, ички коррупцияга қарши назорат бўлинмалари ходимлари ҳамда реестрга интеграция қилинган ахборот тизимлари орқали текшириш мумкин бўлади. Оддий фуқаролар, журналистлар ва хусусий компаниялар шахснинг коррупция жинояти учун судланган-судланмаганини мустақил равишда текшира олмайди.

Шу билан бирга, фуқаролар ўзлари ҳақида реестрда маълумот бор ёки йўқлиги тўғрисида бепул маълумотнома олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат қилиш мумкин.

Лойиҳада маълумотларни сақлаш муддати ҳам белгиланган. Реестрдаги ёзувлар шахснинг судланганлик ҳолати давомида сақланади. Судланганлик тугалланиши ёки олиб ташланиши маълумотларни ўчириш учун асос бўлади. Бу коррупция жинояти учун судланган шахс жазони ўтаб бўлганидан ва судланганлик ҳолати бекор қилинганидан кейин реестрдан чиқарилиши мумкинлигини англатади. Бунда аввалги суд ҳукми бекор қилинмайди. Маълумотларни ўчириш учун бошқа асослар ҳам назарда тутилган.

Жумладан, айблов ҳукмининг бекор қилиниши, шахснинг оқланиши, жиноятнинг коррупцияга оид бўлмаган моддага қайта таснифланиши, қилмишнинг жиноийлик хусусияти йўқотилиши, ҳукмдан тегишли модданинг чиқарилиши, судланган шахснинг вафот этиши ёки маълумотлар реестрга хато киритилгани аниқланишидир.

Агар шахс бир нечта жиноят бўйича судланган бўлса, маълумотлар барча эпизодлар бўйича реестрда сақлаш асослари бекор бўлганидан кейингина ўчирилади.

Реестрда шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва шахсий идентификация рақами (ПИНФЛ), суд қарори, Жиноят кодексининг тегишли моддаси, жиноят содир этилган сана ва ҳудуд, тайинланган жазо ҳамда судланганлик муддати ҳақидаги маълумотлар сақланади. Маълумот мавжуд бўлса, шахс жиноят содир этган вақтда ишлаган ташкилот, унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами, фаолият соҳаси ва эгаллаган лавозими ҳам киритилади.

Фуқаролар ёки уларнинг вакиллари реестрдаги маълумотларни тузатиш ёки ўчиришни талаб қилиши мумкин. Вакил учун нотариал тасдиқланган ишончнома, адвокат учун эса ордер талаб этилади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бундай мурожаатни бир иш куни ичида Ички ишлар вазирлигига юбориши керак. Реестрни юритиш билан боғлиқ қарорлар ва ҳаракатлар устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Реестрни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорликда юритади. Унинг ишлаши "E-Komplaens" дастурий мажмуаси орқали ташкил этилади. Қарор қабул қилинганидан кейин дастурий таъминотни тўлиқ ишга тушириш ва вазирлик ҳамда агентлик ахборот тизимларини интеграция қилиш учун икки ой муддат ажратилиши режалаштирилган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...