Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Салар каналига канализация суви чиқарилаётгани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар сув таъминоти мутахассислари ҳолатни ўрганиб, оқова сув канализация тармоғидан эмас, балки Яккасарой туманидаги кичик саноат ҳудудида жойлашган текстиль корхонаси фаолияти билан боғлиқ эканини аниқлаган.
Тошкент шаҳар сув таъминотининг маълум қилишича, соҳавий мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганган.
Текширув давомида каналга яқин ҳудуддан оқова сув канализация тармоғи ўтмагани аниқланган. Шу боис сувнинг каналга тушиши марказлашган канализация тизимидаги носозлик билан боғлиқ эмас.
Ўрганиш натижасида оқова сув ташланиши Яккасарой туманидаги кичик саноат ҳудудида фаолият юритувчи текстиль корхонаси билан боғлиқлиги маълум бўлган. Айни пайтда юзага келган вазиятни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Текстиль корхонасига нисбатан эса ваколатли ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда чора кўрилиши билдирилган. Бироқ расмий муносабатда корхонанинг номи, оқова сувнинг таркиби, каналга қанча миқдорда чиқинди тушгани ва қандай ҳуқуқбузарлик аниқлангани ҳақида маълумот берилмаган. Маълумот учун, Салар канали билан боғлиқ бундай ҳолатлар аввал ҳам кузатилган.
Хусусан, 2026 йил июль ойида Яккасарой туманидаги Шота Руставели кўчасида қурилиш ишлари давомида шаҳар оқова сув тармоғига тегишли қувур шикастлангани оқибатида суюқ чиқиндилар каналга ташлангани аниқланган.
Экология органлари ўша ҳолат бўйича ўтказган текширувда каналга рухсатсиз 63 минг 936 куб метр суюқ чиқинди чиқарилганини маълум қилган. Қурилиш ишларини олиб борган корхонагага атроф-муҳит ва тупроққа етказилган зарар учун жами 2 миллиард 220 миллион 40 минг 905 сўм компенсация ҳисобланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги Салар каналида кўплаб балиқлар нобуд бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас