Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров шахмат бўйича жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши биринчи партияни дуранг билан якунлади. 24 ноябрь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказилган баҳс 38-юришдан кейин 0,5:0,5 ҳисоби билан тугади.
Оқ доналарда ўйнаган Синдаров партия давомида вақт бўйича устунликка эга бўлди. Ҳиндистонлик гроссмейстер эса вақт танқислигига тушиб қолганига қарамай, аниқ ҳимоя юришларини топиб, мувозанатни сақлашга муваффақ бўлди.
Партиядаги эътиборли вазиятлардан бири қора доналарда ўйнаган Гукешнинг 27-юришда шоҳини f6 майдонига олиб чиқиши бўлди. Синдаров кейинчалик бу юришни дастлаб ўйлаганидан кучлироқ деб баҳолади.
Учрашувнинг якуний қисмида позиция такрорланиши билан боғлиқ баҳсли ҳолат юзага келди. Синдаров позиция уч марта такрорланганини эртароқ эълон қилди, аммо ҳакам унинг талабини рад этди. Шундан сўнг Гукешнинг соатига икки дақиқа қўшилди. Кейин позиция яна такрорлангач, партия 38-юришда дуранг билан якунланди.
Иккинчи партия 25 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади. Бу сафар оқ доналарда Гукеш, қора доналарда эса Синдаров ўйнайди.
Жаҳон чемпионлиги учун баҳс 24 ноябрдан 12 декабргача Женева яқинидаги Колоньи шаҳрида, Мартин Бодмер фондида ўтказилмоқда. Жами 14 тагача классик партия режалаштирилган. Биринчи бўлиб 7,5 очко тўплаган шахматчи ғолиб бўлади. Агар 14 партиядан кейин ҳисоб 7:7 бўлса, чемпион тай-брейкда аниқланади.
Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади.
20 ёшли Жавоҳир Синдаров учун бу жаҳон чемпионлиги унвони йўлидаги илк матч ҳисобланади. У Ўзбекистон тарихида ушбу форматда шахмат тожи учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритган биринчи вакилдир. 20 ёшли Доммаражу Гукеш эса 2024 йилда қўлга киритган чемпионлик унвонини ҳимоя қилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас