Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон аҳолиси пенсияга чиққунга қадар пенсия жамғармаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Маблағларни ипотека бўйича бошланғич бадал ва оғир касалликларни даволашга йўналтиришга рухсат бериш таклиф этилмоқда.
Бу ислоҳотни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таклиф қилмоқда. Лойиҳага кўра, 2030 йил 1 январдан бошлаб пенсия жамғармаларини фуқароларга тўлиқ шахсий мулк сифатида - муддатидан олдин фойдаланиш ва мерос қилиб қолдириш имконияти билан бириктириш режалаштирилмоқда.
Яъни, шахсий пенсия ҳисобварағида тўпланган маблағлардан пенсия ёшига етишни кутмасдан ипотека асосида уй-жой сотиб олиш учун фойдаланиш мумкин бўлади. Муддатидан олдин пул олишнинг яна бир асоси оғир касалликларни даволаш бўлади.
Бунда мерос ҳуқуқи жамғармаларнинг бутун суммасига, шу жумладан давлат қўшимча тўловлари ва инвестиция даромадига татбиқ этилади. Агар эгаси вафот этса, маблағлар тўлиқ унинг қонуний меросхўрларига ўтади.
Шунингдек, фуқароларга ўзларининг пенсия жамғармаларини молиявий воситалар орқали мустақил равишда инвестиция қилиш имкониятини беришмоқчи. Олинган фойда пенсия ҳисобварағига қайтарилади.
Жамғармаларни бошқариш тизими ҳам ўзгаради. 2027 йилдан бошлаб ушбу функцияларни Халқ банкидан Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказиш режалаштирилган.
Ислоҳот лойиҳаси ҳозирда жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, 30 сентябргача давом этади.
Эслатиб ўтамизки, худди шу ислоҳот доирасида пенсия ёшини эркаклар учун 60 ёшдан 63 ёшгача, аёллар учун 55 ёшдан 58 ёшгача босқичма-босқич ошириш таклиф этилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас