Загрузка
Загрузка
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги: сотувчи маҳсулотни ёрлиғда кўрсатилган  нарх бўйича сотиши  шарт
Жамият

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги: сотувчи маҳсулотни ёрлиғда кўрсатилган нарх бўйича сотиши шарт

525
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маҳсулотнинг ёрлиғдаги нархи кассадаги нархга мос келмаслиги билан боғлиқ ҳолатни изоҳлади. Агентлик нима сабабдан сотувчи маҳсулотни ёрлиғда кўрсатилган нарх бўйича сотиши лозимлиги бўйича тушунтириш берди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда. 

Агентлик истеъмолчи гуруҳи аъзоларидан бирининг мурожаатига жавоб берган. Фуқаронинг ёзишича, ёрлиғда майканинг нархи "99 990 сўм" кўрсатилган бўлсада, кассадан ундан 300 000 сўм атрофида пул тўлаш талаб қилинган.

Агентликнинг тушунтиришича, нархлар ёрлиғи дўконларда оммавий таклиф ҳисобланади, шунинг учун сотувчи маҳсулотни истеъмолчига ушбу таклифда кўрсатилган нархда сотиши шарт.

Шунингдек, идора берган маълумотга кўра, товарларнинг нархлар ёрлиғи айнан оммавий таклиф ҳисобланади ва шунга мувофиқ сотувчи товарларни таклиф қилинган нархда, яъни баҳо ёрлиғи бўйича сотишга мажбур.

Рад жавоби берилган тақдирда харидор 1996 йил 26 апрелдаги  “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга ҳавола қилиши мумкин. Мазкур ҳужжатнинг 4 ва 6 моддаларида кўрсатилишича, истеъмолчи маҳсулот тўғрисида ишончли ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга ва сотувчи уни тақдим этиши шарт.

Мазкур қонуннинг 8-моддасига кўра, нархнома билан қўйилган товарлар ҳамда товар (иш, хизматлар) ҳақида келувчилар эътиборига ҳавола этиладиган маълумот тегишли шартномани тузиш учун таклиф деб ҳисобланади. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида Чакана савдо қоидаларининг 20-бандига биноан (Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13-февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган) сотувчи нархи кўрсатилган ҳолда сотиладиган товарларнинг ягона намунадаги ва аниқ расмийлаштирилган нархномалари бўлишини таъминлашга мажбурдир. Кўрсатилган маҳсулотдаги нарх ёрлиғи ва ундаги маълумотлар оммавий шартнома тузиш учун таклиф сифатида тан олинади.

Агар маъмурият маҳсулот нарх ёрлиғида кўрсатилган нархда сотишдан бош тортса истеъмолчи Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 ишонч телефони, шунингдек consumer.uz.сайтига электрон тарзда мурожаат қилиши мумкин.

Агентликнинг таъкидлашича, далил сифатида нарх ёрлиғини суратга олиш муҳим саналади!

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...