Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Аммон шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн иштирокида олий даражадаги учрашув бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, давлат раҳбарларига олий мукофотлар топширилди.
Учрашувда давлат раҳбарларининг рафиқалари ҳам иштирок этган. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган алоҳида ҳурмат ва эътибор учун Иордания қиролига миннатдорлик билдириб, мамлакатнинг сўнгги йилларда эришган ютуқларини юқори баҳолаган.
Олий даражадаги ташриф арафасида ташкил этилган тадбирлар икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган.
Учрашувдан сўнг давлат раҳбарларини олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтган. Шавкат Мирзиёевга Иорданиянинг олий давлат мукофоти — "Ал Ҳусайн ибн Али" ордени топширилган.
Ўзбекистон Президенти ушбу мукофотни икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси эътирофи, шунингдек, Иордания қиролининг ўзбек халқига бўлган ҳурмати ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратаётган эътиборининг ифодаси сифатида қабул қилишини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев Абдулла II ибн ал-Ҳусайнни "Олий даражали Дўстлик" ордени билан тақдирлади. Мукофот Иордания қиролининг Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилган.
Абдулла II самимий эътироф учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни бутун Иордания халқига, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликка кўрсатилган ҳурмат рамзи сифатида қабул қилишини айтган.
Олдинроқ Ўзбекистон ва Ўмон раҳбарлари бир-бирини олий давлат мукофотлари билан тақдирлаганди.

Изоҳлар мавжуд емас