Загрузка
Загрузка
Конгода Эбола қурбонлари расмий ҳисоботдагидан 50 фоиздан кўп бўлиши мумкин
Дунё

Конгода Эбола қурбонлари расмий ҳисоботдагидан 50 фоиздан кўп бўлиши мумкин

2
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Конго Демократик Республикасининг шарқида Эбола вирусидан вафот этганлар сони расмий маълумотларда кўрсатилганидан анча кўп бўлиши мумкин. Reuters агентлиги сунъий йўлдош тасвирлари ва қабристонлардаги янги қабрлар сонини таҳлил қилиб, мамлакатнинг Буния шаҳрида ноябрь бошига келиб эпидемия билан боғлиқ ортиқча ўлимлар сони 1 мингдан ошганини аниқлаган. Бу расман қайд этилган 707 та ўлим ҳолатидан 50 фоиздан кўпдир.

Агентлик таҳлили Буниядаги учта йирик қабристон ҳамда эпидемия бошланган деб ҳисобланаётган Мангбвалу шаҳридаги қабристоннинг сунъий йўлдош тасвирларига асосланган. Тадқиқотда 2026 йилда қазилган янги қабрлар сони эпидемиядан олдинги йилдаги кўрсаткичлар билан таққосланган. Шу йўл билан одатий ўлим даражасидан ортиқ бўлган ҳолатлар ҳисобланган.

Reuters таъкидлашича, ортиқча ўлимларнинг барчасини бевосита Эбола вируси билан боғлаб бўлмайди. Уларнинг айримлари эпидемиянинг билвосита оқибатлари, жумладан, вирус юқишидан қўрқиб шифохоналарга бормаган бошқа беморларнинг вафоти билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Қабристонларда янги қабрлар сони кескин кўпайган

Буниядаги энг йирик қабристонлардан бири бўлган Нямуронгода эпидемиядан олдин кунига ўртача 2,4 та янги қабр қазилган. Reuters таҳлилига кўра, июнь ойида бу кўрсаткич кунига тўққизтадан ошган, ноябрь бошига келиб эса 4,5 тага тушган.

Қабристон ишчиси Саломон Муғисанинг айтишича, эпидемия бошланганидан кейин дафн маросимлари сони кескин ортган. Унинг сўзларига кўра, аввал кунига икки-уч киши дафн этилган бўлса, кейинчалик бу рақам беш, ўн, ҳатто ўн бештагача етган.

Reuters маълумотларига кўра, июнь охирига келиб Буниядаги ортиқча ўлимлар сони 580 тадан ошган. Бу ўша пайтда расман қайд этилган Эбола қурбонлари сонидан етти баравар кўп бўлган. Сентябрь ойига келиб ортиқча ўлимлар сони 950 тага етган ва расмий кўрсаткичдан икки баравардан кўпроқ бўлган.

Мангбвалу шаҳрида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. Агентлик таҳлилига кўра, август ойига келиб бу ердаги ортиқча ўлимлар сони шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқлар бўйича расмий қайд этилган Эбола қурбонларидан 25 фоизга кўп бўлган.

Эпидемия кеч аниқланган

Мангбвалу шифохонаси бош шифокори Ричард Локудунинг айтишича, май ойи бошларида беморлар оқими кескин кўпайган. Улар безгак ёки ич терламага ўхшаш аломатлар билан келган, аммо аҳволи тез ёмонлашиб, вафот этган. Шифокорлар дастлаб бу ҳолатнинг сабабини аниқлай олмаган.

Эбола эпидемияси расман 15 май куни эълон қилинган. Бироқ Reuters олган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоботига кўра, бундан олдинги олти ҳафта давомида шаҳарда сабаби номаълум бўлган 100 та ўлим ҳолати қайд этилган. Уларнинг кўпчилигида Эболага хос аломатлар кузатилган.

Муаммолардан бири беморларнинг тестдан ўтказилмасдан дафн этилиши бўлган. Мангбвалу фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш идораси ходими Жан-Леонард Бинзилиесе Гойтенинг айтишича, шаҳарга олтин конларида ишлаш учун мамлакатнинг турли ҳудудларидан кўплаб вақтинчалик ишчилар келади. Улар вафот этганида маҳаллий қариндошлари бўлмагани сабабли ўлим ҳолатлари ҳақида расмий идораларга хабар берилмаслиги мумкин.

Бундан ташқари, аҳоли орасида вирус ҳақидаги нотўғри маълумотлар ва тиббиёт муассасаларига нисбатан қўрқув ҳам касалликка қарши курашни қийинлаштирган. Айримлар шифохоналарга боришдан қочиб, анъанавий табибларга мурожаат қилган.

Расмий ҳисоботлар ва ҳақиқий кўрсаткичлар ўртасидаги фарқ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази вакиллари Reuters таҳлилидаги натижаларни умумий жиҳатдан ишончли деб баҳолаган. Мутахассислар эпидемиянинг дастлабки босқичида тест, кузатув ва беморлар билан алоқада бўлган шахсларни аниқлаш тизимлари тўлиқ ишламагани сабабли ўлимлар кам қайд этилган бўлиши мумкинлигини айтган.

Африка CDC маълумотларига кўра, 5 ноябрь ҳолатида Эбола билан боғлиқ ўлимларнинг 60 фоиздан ортиғи тиббиёт муассасаларидан ташқарида содир бўлган. Янги тасдиқланган ҳолатларнинг 15 фоиздан камроғи аввалдан маълум бўлган беморлар билан алоқалар орқали аниқланган. Бу эса инфекция юқиш занжирларининг катта қисми ҳали ҳам номаълумлигини кўрсатади.

Reuters таҳлили фақат Буния ва Мангбвалу шаҳарларини қамраб олган. Шу боис агентлик бу ерлардаги ҳисобга олинмаган ўлимлар даражаси Конго шарқининг бошқа ҳудудларида ҳам худди шундай эканини аниқлай олмаган.

Конго Соғлиқни сақлаш вазирлиги агентликнинг таҳлил бўйича изоҳ бериш ҳақидаги сўровларига жавоб қайтармаган.

Аввалроқ 2026 йил 16 ноябрдан бошлаб АҚШга халқаро рейсларда учадиган барча йўловчилар сўнгги 21 кун давомида Конго Демократик Республикасида бўлмаганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши шартлиги белгиланганди. Янги талаб Эбола вирусининг тарқалиши муносабати билан АҚШ транспорт хавфсизлиги маъмурияти (TSA) ва Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) томонидан жорий қилинган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...