Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Грузия халқаро автомобиль транспортида юк ташиш учун E-permit электрон рухсатномалар тизимини жорий этиб, миллий ташувчиларга ҳужжатларни рақамли форматда беришни бошлади.
Мазкур янгилик икки давлат ўртасидаги халқаро юк ташувларини рақамлаштириш жараёнининг давоми сифатида Транспорт вазирлиги томонидан Грузия томони билан ҳамкорликда амалга оширилган. Эндиликда икки томонлама ташиш, транзит ҳамда учинчи давлатларга ва улардан юк ташиш учун мўлжалланган рухсатномалар қоғоз шаклидаги бланкалар орқали эмас, балки аризалар асосида электрон шаклда тақдим этилади.
Рақамли тизим ҳужжатларни олиш жараёнини сезиларли даражада тезлаштириб, қоғоз ҳужжатлардан фойдаланишни қисқартиради. Шунингдек, ушбу ёндашув инсон омили таъсиrini камайтириб, халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи компаниялар учун жараённи янада шаффоф ва қулай қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги алоқалар сўннги йилларда жадал ривожланмоқда. Хусусан, июль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенг қамровли музокаралар ўтказгандилар.
Давлат раҳбари ушбу давлат ташрифи охирги йигирма йилдан ортиқ вақт ичида биринчиси эканлигини ва икки томонлама муносабатларни мутлақо янги сифат босқичига кўтаришини алоҳида таъкидлаган эди.
Бугунги бу келишув ўшандаги учрашувларнинг амалий натижасидир.

Изоҳлар мавжуд емас