Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ҳокими Шерзод Солиҳов ободонлаштириш ишлари қониқарсиз деб топилган Бирлик маҳалласини "Шармандали маҳалла" деб эълон қилишни таклиф қилди. Шунингдек, камчиликларни ўз вақтида бартараф этмаган айрим хонадонларга "Уятли хонадон" деган ёзув осиб қўйиш мумкинлигини маълум қилди.
Ҳокимлик Telegram-каналида эълон қилинган, кейинчалик ўчириб юборилган видеода ҳоким маҳаллага кўзга кўринадиган жойда "Шармандали маҳалла" ёзувини ўрнатиш бўйича топшириқ бераётгани акс этган.
Маълум қилинишича, Бирлик маҳалласи вилоят ҳокими топшириғи билан таянч маҳалла сифатида белгиланган. Бироқ ўрганишлар давомида ҳудудда гул ва райҳон экилмагани, ўтлар ўрилмагани ёки ҳудуддан олиб чиқилмагани, шунингдек, ободонлаштириш ишлари, санитария ҳолати, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва белгиланган вазифалар ижроси қониқарсиз экани қайд этилган.
Шу муносабат билан маҳаллаларга бириктирилган корхона ва ташкилотлар раҳбарларига ҳудудларни шахсан назорат қилиш, ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш ҳамда бажарилган ишлар бўйича фотоҳисобот тақдим этиш топширилган
Бундан аввал Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими хонадонлардан бирининг санитария ҳолатини текшириб, уй эгасини жаримага тортиш бўйича кўрсатма бергани акс этган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Шу воқеадан сўнг Коррупцияга қарши кураш агентлиги мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказишни талаб қилган.

Изоҳлар мавжуд емас