Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Агар участка аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи унга ишончсизлик билдирса, участка инспектори ишдан бўшатилиши мумкин. Бундай меъёр Қонунчилик палатаси томонидан 25 август куни биринчи ўқишда қабул қилинган "Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасида назарда тутилган.
Аҳоли ишончини баҳолаш учун "Менинг инспекторим" электрон тизимидан фойдаланиш таклиф этилмоқда. Агар рўйхатга олинган аҳолининг ярмидан кўпи ишончсизлик билдирса, инспектор аттестацияга юборилади, натижада унинг хизматдаги кейинги тақдири масаласи ҳал қилинади. Аниқ механизмни ҳукумат белгилайди.
Бундан ташқари, ҳужжатда биринчи марта участка ходимларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган. Инспекторга хизмат билан боғлиқ бўлмаган топшириқлар бериш тақиқланади. Давлат органлари унинг сўровларига ўн кун ичида ёзма равишда жавоб беришлари шарт. Қонун лойиҳасида инспекторнинг жами 22 та ҳуқуқи ва 15 та мажбурияти мустаҳкамланган.
Аввалроқ қонун лойиҳасида ходимнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилгани хабар қилинганди. У ўзига бириктирилган ҳудудда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар чоракда аҳоли ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериб боради.

Изоҳлар мавжуд емас