Лифтдаги қизга ҳужум қилган йигит топилди. У қиз  билан танишиш ва телефон рақамини олиш учун мазкур жиноятга  қўл урганини айтди
Жамият

Лифтдаги қизга ҳужум қилган йигит топилди. У қиз билан танишиш ва телефон рақамини олиш учун мазкур жиноятга қўл урганини айтди

1326

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Лифтдаги қизга ҳужум қилган йигит ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан топилди. Унинг айтишича, қиз билан танишиш ва телефон рақамини олиш учун мазкур жиноятга қўл урган.

Эслатиб ўтамизки, воқеа 15-февраль куни кундузги пайтда Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 18-мавзесида юз берган. Бу ҳақида Ички ишлар бўлимига "Меҳрижон" уй-жой мулкдорлари ширкати раиси ва 4-сон уй сардори Албина Харисова хабар берган ва ижтимоий тармоқларда ҳам эълон қилган.

Харисованинг сўзларига кўра, у уй-жой мулкдорлари ширкатида бўлганида, бир аёлнинг қичқирганини эшитган. Ширкат ходимлари ёрдамга боришганида уйдан чикиб, қочиб кетаётган бир йигитни кўриб қолишган. Лекин уни ушлай олишмаган. Шу уйда яшовчи 18 ёшли қизнинг сўзларига кўра, бир йигит унга лифтда ҳужум қилган.

Видеокузатув камераларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳужум қилган шахсни аниқлаб, уни қўлга олишган. Маълум бўлишича, 19 ёшли Жамшид Х. мазкур жиноятга қўл урган. У февраль ойида Қашқадарё вилоятидан пойтахтга келган.

Жамшид терговчиларга Тошкентда машина ювиш билан кун кечираётганини айтган. Ҳар куни унинг иш жойи ёнидан ёш ва гўзал рус қизи ўтиб кетаркан. Жамшид унинг қаерда яшаётганини билиш ва у билан танишишга қарор қилиб, қизнинг орқасидан уйга кириб борган.

- Мен рус тилини билмайман. У лифтга кирди ва уни қучоқлаганимда, қўлидан ушлаб телефон рақамини билмоқчи бўлганимда қичқира бошлади», - дея тушунтирди Жамшид.

Мазкур воқеа ҳақида лавҳа тайёрлаган Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига йигитнинг онаси маълум қилишича, Жамшид бутун умрини Қашқадарёда ўтказган ва қишлоқ хўжалиги коллежини тугатган. У оиласига ёрдам бериш учун пойтахтга ишлагани борган.

Онасининг сўзларига кўра: "Жамшид менинг биринчи фарзандим. Мен доим ўғлимнинг ҳаётида иштирок этишга ҳаракат қилардим, уни тарбиялаганман. У аслида яхши бола. Бизга ёрдам бериш учун у пойтахтга кетди, ишга жойлашди. Унинг хатти-ҳаракати албатта нотўғри. Жабрланган қиз ва унинг оиласидан уни кечиришини сўрайман. Ўзим узр сўрайман! У ҳеч қачон буни такрорламаслигига ваъда қиламан”.

Терговчи Ўткирбек Ҳамидовнинг айтишича, Жамшидга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ("Кичик безорилик") бўйича айблов эълон қилинган. Иш материаллари туман маъмурий судига юборилган.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...