Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан боғлиқ хизматлар тарифлари кескин пасайтирилди. Агентлик директорининг 2026 йил 19 октябрдаги 114-сонли буйруғи билан тасдиқланган ушбу янги тартиб 20 октябрдан эътиборан кучга кирган.
Киритилган асосий ўзгаришларга кўра, Жанубий Кореяга E-9 визаси асосида ишга юбориладиган фуқаролар учун хизмат ҳақи илгариги базaвий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 50 бараваридан 5 бараварга, яъни БҲМнинг 10 бараваригача (4 миллион 400 минг сўм) туширилган.
Натижада, илгари 22 миллион сўмни ташкил этган хизмат тўлови сезиларли даражада арзонлашиб, ҳар бир фуқаронинг дастлабки харажатлари 17 миллион 600 минг сўмга тежаладиган бўлган.
Шунингдек, E-7 визаси бўйича ишга жойлаштириш хизмати нархи ҳам БҲМнинг 10 баравари (4 миллион 400 минг сўм) этиб белгиланган.
Бундан ташқари, Европа давлатлари, Россия Федерацияси ва Араб мамлакатларига Миграция агентлиги орқали ташкилий тартибда ишга юбориладиган фуқаролардан 2026 йил 31 декабрга қадар Агентликнинг ишга жойлаштириш хизматлари учун умуман тўлов ундирилмайди.
Ушбу йўналишларда хизмат ҳақи хорижий иш берувчи ташкилотлар томонидан қопланиши мумкин.
Бўлажак мигрантлар учун бошқа мамлакатларга ҳам янги, арзонлаштирилган тарифлар жорий этилган.
Жумладан, Беларусь Республикасига ишга жойлаштириш хизмати 44 минг сўм, МДҲнинг Россиядан ташқари давлатлари ва Монголияга 440 минг сўм, Грузияга 880 минг сўм, Туркияга эса 1 миллион 320 минг сўм этиб белгиланган.
Японияга олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш хизмати 440 минг сўмни, махсус малакали ишчи ва техник стажировка дастурлари бўйича эса 4 миллион 400 минг сўмни ташкил этган
Таъкидлаш жоизки, ушбу белгиланган тарифлар айнан Миграция агентлиги томонидан кўрсатиладиган хизматларга тааллуқлидир. Виза расмийлаштириш, авиачипта сотиб олиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа харажатлар тегишли дастур ҳамда меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ алоҳида амалга оширилади.
Олдинроқ Ўзбекистон Миграция агентлиги вакиллари аралашувидан сўнг Россиядаги фуқароларнинг ҳужжатлари қайтариб берилганди ва иш берувчи қарздорликни 48 соат ичида тўлаш мажбуриятини олганди.

Изоҳлар мавжуд емас