Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Қатор маҳаллий мутахассислар Ўзбекистонда коронавирус билан касалланган беморларни даволашда плаквенилнинг қўлланилишини тўғри деб ҳисоблашмоқда. Мухбиримиз маълум қилишича, улар бу ҳақида маҳаллий телевидениега берган интервьюда айтиб беришган.
Ҳабибулла Оқилов, коронавирусга қарши кураш Штаби аъзоси:
- Туркия коронавирус статистикаси бўйича энг яхши кўрсаткичлардан бирига эга. Уларда соғайиш даражаси 91%ни ташкил этади. Улар буни етти кун давомида дастлабки босқичда барча беморларга доимий равишда плаквенил берилиши билан изоҳлашади. Дори нафақат беморларга, балки профилактика мақсадида мулоқотда бўлганларнинг барчасига берилган. Туркияда ҳам, Америкада ҳам хизмат кўрсатувчи ходимлар плаквенил билан таъминланади.
Энди аҳолига тарқатиладиган биринчи тиббий ёрдам тўпламлари ҳақида гапирсак. Мамлакатимизда аҳолининг асосий қисмини аломатсиз беморлар ёки енгил шаклда уйда даволанаётганлар ташкил этади. Давлат ушбу биринчи ёрдам тўпламини уларга бепул тарқатади. Албатта унда плаквенил, азитромицин, рух препаратлари мавжуд бўлади, чунки плаквенил таъсири рух билан биргаликда икки баравар кўпаяди. Шунинг учун унинг миқдорини камайтиришимиз мумкин. Қолаверса, тўпламда D витамини, аскорбин кислотаси, парацетамол ҳам бўлади.
Шундай қилиб, умид қиламанки, биз касалланишни ҳам, ўлим кўрсаткичини ҳам камайтира оламиз. Плаквенилдан фойдаланиш касалликнинг мураккаб шаклга ўтмаслигига ёрдам беради.
Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Тўйчиев:
- Коронавирус инфекциясида самарали ишлатилиши мумкин бўлган дорилар ҳақида гапирганда, авваламбор, менинг фикримча, биз ўзимизда ва қўшни давлатлар ҳамда узоқ хорижда тўпланган тажрибага эътибор қаратишимиз керак.
Март ойида, яъни биринчи бемор пайдо бўлганидан бошлаб, гидроксихлорохин ёки плаквенилнинг азитромицин билан бирикмаси терапиянинг асосий, базавий схемаларидан бири бўлиб келган. Бошқа дорилардан ҳам фойдаланилган. Ушбу бирикма ёрдамида яхши натижаларга эришдик. 12 мингдан ортиқ кишини муваффақиятли даволаш натижасида биздаги ўлим даражаси 0,4% ни ташкил этарди. Қолаверса, ўпканинг зарарланиши ва оғир беморларнинг сони кўп эмас эди. Албатта, бундайлар бор эди, лекин бу даражада эмасди.
Шу билан бирга, эсда тутиш керакки, агар беморлар шифокор тавсиясисиз ўзлари учун дори-дармонлар тайинлашса ёки тиббий ходимлар ёрдамида томирга инъекция ёки томчилатиб инфузия қилишни бошлашса, бу шубҳасиз даволаш жараёнини янада қийинлаштиради.
Изоҳлар мавжуд емас