Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Судья Санжар Расуловнинг Навоий вилояти судининг жиноят ишлари бўйича суд ҳайъати раиси лавозимига тайинланиши муносабати билан блогер Сирожиддин Одиловга нисбатан олиб борилаётган суд тергови "ноль"дан қайта бошланадиган бўлди.
Мазкур жиноят иши бўйича илгари ҳам суд музокаралари ўтказилиб, судланувчининг сўнгги сўзи тингланганидан сўнг, ҳукм ўқилиши кутилаётган бир пайтда суд тергови тўсатдан қайта тикланган эди. Эндиликда эса судьянинг ўзгариши ортидан бутун суд жараёни қайтадан бошланиши лозим.
Ҳимоя томони ва адвокатларларнинг таъкидлашича, бу ҳолат суд жараёнининг янада чўзилишига, ўнлаб гувоҳлар ҳамда мутахассисларни қайта сўроқ қилишга ва Одиловнинг қамоқда қолиш муддатини яна номаълум муддатга узайтиришга олиб келади.
Шунингдек, ярим йилдан бери ҳибсда ушлаб турилган блогернинг тергов ва суд жараёнида саломатлиги кескин ёмонлашгани инобатга олиниб, унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириш сўралмоқда.
Маълумот учун, Сирожиддин Одилов сўнгги вақтларда Фурқат тумани ИИБ собиқ раҳбари ва бир қатор ходимларининг қамалиши билан якунланган "Гулираъно Қосимова иши"ни фаол ёритиб келаётган эди. У фирибгарликда гумонланиб ҳибсга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас