Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Иқтисодчи Отабек Бакиров Тошкент шаҳар ҳокимининг бозорлар, савдо мажмуалари ва умумий овқатланиш объектларида суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги қарорини танқид остига олди. Экспертнинг фикрича, бу тақиқ кафе ва ресторанларда пропандан фойдаланишни бутунлай чеклаб қўяди ва тизимли муаммоларни ҳал қилиш ўрнига осон йўлни танлаш ҳисобланади.
Иқтисодчи ушбу қарор фақат ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқми ёки бунга ёнилғи тақчиллиги ҳамда энергия ресурслари нархининг ошиши таъсир қилганми, деган саволни ўртага ташлаган. Бакировнинг таъкидлашича, агар муаммо ҳақиқатан ҳам хавфсизликда бўлса, давлат органларининг вазифаси тақиқлаш эмас, балки техник стандартлар ва хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлашдан иборат бўлиши керак. У солиқ тўловчилар тақиқлар учун эмас, хавфсизликни тизимли таъминлаш учун солиқ тўлашини, электрдан нотўғри фойдаланиш ҳам ёнғинга сабаб бўлиши мумкинлигини, аммо ҳеч ким электр энергиясини тақиқлашни таклиф қилмаётганини мисол келтирган. Шунингдек, эксперт табиий газ тармоғига уланмаган овқатланиш масканлари энди ўтин ёқишга мажбур бўлиши ёки ёпилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида 15 сентябрга қадар алоҳида ёнғинга қарши режим жорий этилган бўлиб, унга кўра бозорлар ва умумий овқатланиш объектларида овқат тайёрлаш учун маиший газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланади. Шу билан бирга, иссиқ вақтларда АЁҚШларда ёнилғи қуйиш ва тўкиш операциялари чекланади, коммунал хизматларга эса барча ёнғин гидрантлари ва электр тармоқларини текшириш ваколати берилади.

Изоҳлар мавжуд емас