Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 25-июн куни Тошкент Фотосуратлар уйида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан "Архив саҳифаларидаги журналистика тарихи" номли фотокўргазма ташкил этилди.

Кўргазма "Ўзархив" агентлиги, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ва Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ўтказилди. Унда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида сақланаётган, мамлакат журналистикасининг ривожланишини акс эттирувчи 100 дан ортиқ ноёб фотосуратлар намойиш этилди.


Экспозициядан ўрин олган суратлар қаторида Муслимбек Йўлдошев ва Насиба Ибрагимова каби журналистларнинг шахсий фондларидан олинган материаллар ҳам бор. Фотосуратларда таҳририятлар, телерадиостудияларнинг иш жараёнлари, матбуот анжуманлари ҳамда биринчи сухандон ва операторларнинг фаолияти ўзига хос тарихий кўринишда тасвирланган. Кўргазмадаги энг қадимий фотосуратлардан бири 1931-йилга оид бўлиб, унда радио бошловчининг эфир жараёни муҳрланган.


Тадбирнинг очилиш маросимида соҳа фахрийлари, ОАВ вакиллари ва давлат идоралари масъуллари иштирок этди. Маросимда Муслимбек Йўлдошев ва Феруза Ғуломова "Ўзархив" агентлигининг "Соҳа ифтихори" кўкрак нишони билан тақдирланди, шунингдек, бир қатор фаол журналистларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.


Изоҳлар мавжуд емас