Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда экоҳудудлар учун қоидалар қатъийлаштирилади ва курорт зоналари ҳимоя остига олинади. Зарарли ишлаб чиқаришлар, табиатга аралашиш ва пластикнинг айрим турлари тақиқланади.
Тегишли ўзгартиришлар "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги қонунга киритилди.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, экологик тоза ҳудудларда, жумладан, курорт ва дам олиш масканларида амалдаги чекловлар билан бир қаторда қўшимча таъқиқлар жорий этилади.
Эндиликда экотизимлар барқарорлигини бузиши, табиий ландшафтни ўзгартириши ёки ер ости сувлари ҳолатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай ишларни амалга ошириш тақиқланади.
Шунингдек, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган саноат объектларини қуриш ва уларнинг фаолияти тақиқланди.
Алоҳида нормада бир қатор пластик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сотиш ва етказиб беришга чекловлар назарда тутилган - уларнинг рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди. Табиий органик полимерлардан тайёрланган маҳсулотлар бундан мустасно.
Бундан ташқари, давлат экологик экспертизаси натижаларига кўра муҳофаза этиладиган табиий объектлар ва мажмуаларга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай фаолият тақиқланади.
Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда алоҳида қимматли табиий объектларнинг расмий реестри яратилади.

Изоҳлар мавжуд емас