Загрузка
Загрузка
ҚҚС ортидан Солиқ қўмитаси ва тадбиркорлар ўртасидаги зиддият судгача етиб борди
Жамият

ҚҚС ортидан Солиқ қўмитаси ва тадбиркорлар ўртасидаги зиддият судгача етиб борди

10
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорларни (ЯТТ) қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида рўйхатга олиш масаласи атрофида катта баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Бизнес омбудсман ва маъмурий судлар тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари томонида турганига қарамай, Солиқ қўмитаси ўз ҳаракатларини қонунга мувофиқ деб ҳисоблаб, суд қарорлари устидан шикоят қилишда давом этмоқда.

Муаммо 2025 йилда йиллик айланмаси 1 миллиард сўмга етмаган кўплаб ЯТТларнинг солиқ органи томонидан автоматик равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши билан бошланган. Солиқ қўмитаси бу жараённи Солиқ кодексининг 462-моддасига таянган ҳолда қонуний деб изоҳламоқда. Бироқ Бизнес омбудсманнинг таъкидлашича, ушбу тартиб аслида 2026 йилдан бошлаб кучга кириши белгиланган бўлиб, уни 2025 йил учун қўллаш ҳуқуқий жиҳатдан нотўғридир.

Тадбиркорларнинг мурожаатлари асосида Бизнес омбудсман томонидан киритилган даъво аризалари бир неча суд инстанцияларида кўриб чиқилган. Биринчи босқичда Қарши туманлараро маъмурий суди солиқ органининг ҚҚС гувоҳномаларини расмийлаштириш тўғрисидаги қарорларини қонунга зид ва ҳақиқий эмас деб топган.

Апелляция босқичида эса Солиқ қўмитаси ушбу қарорлар устидан шикоят қилган бўлса-да, Қашқадарё вилояти маъмурий суди солиқ органининг важини рад этиб, тадбиркорлар фойдасига чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Ушбу низо бошланганига беш ой тўлган. Вазиятнинг мавҳумлиги кўплаб тадбиркорларни қийин аҳволга солиб қўймоқда. Айрим ЯТТлар солиқ органининг бундай кескин қарори ва кейинги суд оворагарчиликлари туфайли ўз фаолиятини тинчгина тўхтатиб қўйишни афзал кўрган бўлса, бошқалари ойлар давомида ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб судлашишга мажбур бўлмоқда.

Ҳозирги кунда асосий зиддият шундаки, Бизнес омбудсман ва судлар солиқ органининг хатосини тасдиқламоқда, аммо Солиқ қўмитаси буни тан олмасдан, судлашиш жараёнларини янада чўзмоқда. Бу эса тадбиркорларнинг бевосита ўз иши билан шуғулланишига тўсқинлик қилиб, мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун Солиқ қўмитаси раисининг буйруғи билан мамлакатимиз бўйлаб 35 нафар раҳбар кадр шаҳар ва туман давлат солиқ инспекциялари бошлиғи лавозимларига тайинланганди

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...