Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Санкт-Петербургнинг Приморск туман суди Савушкин кўчасидаги турар жой биноси олдида намоз ўқиган Ўзбекистон фуқаросини Россия ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилди.
12 май куни полиция томонидан қўлга олинган фуқаронинг хатти-ҳаракатлари Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 5.26-моддаси 5-қисмига асосан ноқонуний миссионерлик фаолияти деб баҳоланган. Суд ҳукмига кўра, ҳуқуқбузарга мамлакатдан депортация қилинишдан ташқари, 30 000 рубль миқдорида жарима ҳам тайинланган.
Россия қонунчилигига кўра, тегишли диний ташкилот ваколатига эга бўлмасдан ва маҳаллий ҳокимиятни олдиндан хабардор қилмасдан жамоат жойларида диний амалларни бажариш миссионерлик фаолиятига тенглаштирилади. Суд жараёнида Ўзбекистон фуқароси ўз айбини тан олиб, бундай тартиб ва қоидалардан хабари бўлмаганини маълум қилган.
Таъкидлаш жоизки, Россияда меҳнат мигрантлари томонидан жамоат жойларида намоз ўқилиши тез-тез маъмурий жавобгарликка сабаб бўлмоқда. Шу сабабли мусулмон ташкилотлари фуқароларни ибодатларни фақат масжидлар ёки махсус ажратилган жойларда адо этишга чақириб келмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас