Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри тоғли ҳудудларида жойлашган зиплайн (тросли тушиш мосламаси)да юз берган кўнгилсиз ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Тарқалган видеолавҳада икки фуқаронинг ҳавода ўзаро тўқнашиб кетгани акс этган. Бахтли тасодиф туфайли тўқнашув натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Мазкур ҳодиса ортидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида ўрганиш ишларини олиб борган. Текширувлар давомида ушбу аттракцион ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларсиз, хавфсизлик қоидаларига зид равишда, ноқонуний фаолият юритиб келгани аниқланган.
Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, зиплайн қурилмаси зудлик билан демонтаж қилиниб, уни ташкил этган шахсларга нисбатан тегишли тартибда жарима жазоси қўлланилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари фуқароларни огоҳликка чақириб, расмий рухсатномага эга бўлмаган ва хавфсизлик кафолатланмаган аттракционлардан фойдаланмасликни сўраган. Бундай ноқонуний хизматлардан фойдаланиш инсон ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги алоҳида таъкидланган.
Аввалроқ водий йўналишидаги тоғли ҳудудда жойлашган "Қор Сити" (Qor City) дам олиш масканидаги канатка қурилмасида жиддий бахтсиз ҳодиса юз берганди, ундан кўтарилаётган аёл пастга қулаб тушган эди.

Изоҳлар мавжуд емас