Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Тошкентнинг Миробод туманида қурувчиларнинг уй эгалари билан кураши ҳақидаги яна бир воқеа ҳақида хабар топдик. Эвелина Рудомёткина Batafsil.uz таҳририяти билан боғланиб, бир неча ойдан буён ўзининг уйига кира олмаётганлигини баён қилди.
Аёлнинг айтишича, NovaStroy қурувчиси унинг уйда йўқлигидан фойдаланиб, ҳовли дарвозасини бузган. Бузилган дарвоза жойида қурувчи кўчмас мулк сотиш офисини қуриб, ҳовлига кириш жойини бутунлай тўсиб қўйган. Бу борада қурувчи офис жойлашган жой Эвелина Рудомёткинага тегишли эканлиги ва кадастрда кўрсатилганлигига умуман эътибор бермаган.
"Бизнинг розилигимиз ва рухсатимизсиз, қурувчи уйимиз атрофидаги ҳамма нарсани бузиб, ҳовлимиз олдидаги кириш жойида кўчмас мулк сотиш офисини қуриб олди. У ерда олиб чиқишнинг имкони бўлмаган нарса ва жиҳозларим қолган. Қурилиш бошланганида болаларим билан бирга вақтинча онамнинг уйига кўчишга мажбур бўлдим. Чунки уйимиз атрофида бузилишлар бошланиб кетди ва у ерда яшашнинг имкони қолмади», - деди аёл.
Эвелинанинг сўзларига кўра, қурилиш ўтган йили бошланган ва бу ҳақида у ҳеч қандай хабарнома олмаган. Қолаверса, уйни бўшатишга ҳам, бузишга ҳам розилик бермаган.
Унинг таъкидлашича, "Бир куни нотаниш одамлар келиб, менинг дарвозамни синдира бошладилар. Мен онам билан яшаганим сабабли, бизнинг участкада йигирмага яқин ишчи жойлаштирилиб, ҳовлимиз ҳожатхона ва ахлатхонага айлантирилди. Бу эрда эркаклар яшаб, овқат тайёрладилар ва тунаб қолишарди. Уйимга боришга ҳам қўрқиб қолдим. Бундан ташқари, мени ўз уйимдан мажбуран чиқариб юбориб, сув, газ ва электр таъминотидан узиб қўйишди".
Аёлнинг сўзларига кўра, қурилиш компанияси вакиллари у билан бор-йўғи икки маротаба боғланишган. Қурилиш арафасида улар томонидан берилган таклифларга Эвелина рози бўлмаган ва ўз шартларини илгари сурган. Унинг тушунтиришича, болалари ўқийдиган мактаб ва ота-онаси яқин туриши боис, махсус шу ердан уй сотиб олган. Шундан сўнг қурилиш компанияси судга даъво билан мурожаат қилган.
“NovaStroy" вакиллари мени кўчириш учун судга беришди. Суд давомида баҳоловчи ва судья биз билан учрашишди. Судья қурилиш компанияси раҳбариятига талабимизни бажариши ва бизга мос келадиган шартлар таклиф қилиши кераклигини айтди. Қурувчи судьяга розилик билдирди. Аммо кейинчалик, менга номаълум сабабларга кўра, улар судни ва уй баҳолашни бекор қилиб, барчасини тинч йўл билан ҳал қилишни таклиф қилишди. Аммо, менга бошқа таклифлар берилмади ва улар мен билан боғланишгани йўқ. Ўшандан буён қурилиш давом этмоқда ", - дейди аёл.
Batafsil.uz мухбири қурувчи-компания вакили билан боғланганида, у исми ва лавозимини айтишдан бош тортди. Унинг таъкидлашича, низо ҳал қилиниб, томонлар келишувга эришишган.
"Биз пулни пластик картага ўтказиш орқали компенсация тўлашни таклиф қилдик. Низо ҳал этилди. Энди биз вазиятни расмий тарзда ҳал қилиш учун барча ҳужжатларни тайёрлаб қўйдик. Эвелина Рудомёткинанинг уйи биз томондан бузилгани йўқ”, - деди "NovaStroy " вакили.
Қурувчи-фирма ходими низо ҳал этилганлиги ҳақида қанчалик ишонтиришга ҳаракат қилмасин, Эвелина Рудомёткина бу важни кескин рад этди. У мазкур шартларга асло рози бўлмаган, аксинча, пластик картада компенсация тўланишига мутлақо қарши чиққан.
"Биз бу шартларга рози бўла олмаймиз. Янги уй-жойни кейинчалик қандай сотиб оламиз? Ҳеч ким бизга нақдсиз пулга квартирани сотмайди. Бундан ташқари, бир неча ойдан буён менинг уйим қандай аҳволда эканлигини билмайман. Чунки розилигимсиз менга тегишли ҳудудда қурувчи сотув офисини қуриб олиб, уйга киришимни чеклаб қўйган», - дея жавоб берди аёл.
Ҳозир қурилиш ишлари жадал суръатлар билан давом этмоқда. Эвелина Рудомёткина уйининг кириш томонидан сотув офиси қурилган. Бошқа томонидан йирик қудуқ қазилган. Аёлнинг сўзларига кўра, у бир неча бор шаҳар ҳокимлиги ва прокуратурага мурожаат қилган, президентга ҳам хат ёзган. Афсуски, ҳозирча натижа бўлгани йўқ.
Изоҳлар мавжуд емас