Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россияда ота-она қарамоғисиз қолган яна етти нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Улар орасида озодликдан маҳрум этиш жойларида жазо ўтаётган оналар томонидан Ўзбекистон вакилларига топширилган уч нафар бола ҳам бор.
Болаларнинг навбатдаги гуруҳи 15 сентябрь куни Ўзбекистонга етиб келди. Уларни қайтариш ИИВ, ССВ ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари томонидан Болалар омбудсмани ва Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассасалари кўмагида ташкил этилди.
Бу Россиядан вояга етмаганларни қайтариш бўйича хизмат сафари доирасидаги учинчи гуруҳ эди. Ушбу мамлакатда ишлаш давомида жами 30 нафар, Қозоғистондан яна икки нафар болани олиб келишга муваффақ бўлинди.
Қайтиб келгандан сўнг мутахассислар болаларни кейинги жойлаштириш билан шуғулланадилар. Аввал болаларни оиласига қайтаришга ҳаракат қилишади. Агар бунинг иложи бўлмаса, жойлаштиришнинг бошқа шаклларини излайдилар.
Шунингдек, болаларга зарур тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Уларнинг аҳволини «Инсон» марказлари кузатиб боради. Мутахассислар болалар ва оилаларга ҳамроҳлик қилиб, уларга мослашиш даврида ёрдам беради.
Иш давом этмоқда: бир болани қайтариш учун Грузияга сафар тайёрланмоқда, вояга етмаганларни ватанга қайтариш бўйича Туркия билан музокаралар олиб борилмоқда.
Аввалроқ дипломатлар Россия меҳрибонлик уйларида қолган болаларни Ўзбекистонга қайтарган эди.

Изоҳлар мавжуд емас