Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда педагог ва тарбиячилар томонидан болаларга нисбатан жисмоний ва психологик зўравонлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Болаларни камситиш, ҳақорат қилиш ва куч ишлатганлик учун энди жарима солинади, жавобгарликка тортилган педагоглар эса болалар билан ишлашдан бир йилга четлаштирилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, вояга етмаган шахсни тарбиялаш ёки ўқитиш вақтида унга нисбатан жисмоний зўравонлик қилганлик, шунингдек, уни таҳқирлаганлик, жумладан, камситганлик ва ҳақорат қилганлик учун БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача - 440 минг сўмдан 2,2 миллион сўмгача жарима солинади. Гап ҳаракатларда жиноят таркиби бўлмаган ҳолатлар ҳақида бормоқда.
Бунда жазо жарима билан чекланмайди. Болаларга нисбатан жисмоний ёки психологик зўравонлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган педагоглар бир йил давомида педагогик фаолият билан шуғулланмайди.
Тақиқ болалар боғчалари, мактаблар, коллежлар, техникумлар ва қўшимча таълим муассасаларида ишлашга тааллуқлидир.
Қонун алимент масалаларига ҳам тегишли. Бола муассаса томонидан тўлиқ таъминланган тақдирда ҳам ота-оналар алимент тўлашдан озод этилмайди, алиментни камайтириш тўғрисидаги ишларга эса «Инсон» марказлари жалб этилади.
Аввалроқ, 2027 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги давлат боғчаларида тарбияланувчиларнинг давомати Face ID тизими ёрдамида қайд этилиши ҳақида хабар берилган эди. Янгилик болалар овқатланишига ажратиладиган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни кучайтиришга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас