Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши сунъий интеллект, смарт-камералар ва Face ID технологиялари орқали автоматик назорат қилинади. Сабабсиз дарс қолдирган ўқувчиларнинг ота-оналарига SMS-хабарнома юборилади.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Вазиятлар марказида ўтказилган йиғилишда маълум қилинган. Унда пойтахт умумтаълим мактабларида давоматни назорат қилиш ва дарс қолдириш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш масалалари муҳокама қилинди.
Янги SI Davomat тизими ҳозирда Сергели туманидаги 26 та мактабда синовдан ўтказилмоқда. Ушбу мактабларда жами 446 та смарт-камера ўрнатилган.
Тизим ўқувчиларнинг дарсда иштирокини автоматик равишда қайд этади. Давоматга оид маълумотлар мактаб директори, профилактика инспектори, Миллий гвардия ходими ва маҳалла вакилларига ҳам автоматик етказилади.
SI Davomat ERP Maktab ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг DMED тизимлари билан интеграция қилинган. Бу касаллиги сабабли дарсга келмаган ўқувчиларни сабабсиз дарс қолдирганлардан ажратиш имконини беради.
Шунингдек, мактаблар давомат кўрсаткичларига қараб "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифаларга ажратилади.
Сергели туманидаги синов натижалари асосида тизимни Тошкент шаҳридаги бошқа умумтаълим мактабларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.
Бундан олдин пойтахтда ўқувчиларни транспорт воситаларидан хавфсиз тушириш ва олиб кетишга мўлжалланган махсус тўхташ жойлари ташкил этилганди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида ушбу жойлар Юнусобод туманидаги 5-сонли ҳамда Шайхонтоҳур туманидаги 42-сонли мактаблар атрофида ташкил этилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас