Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши курашиш ва жамиятни ушбу таҳдиддан ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун юзасидан муносабат билдирди.
Унинг таъкидлашича, гиёҳвандлик моддалари инсон ҳаёти, оилалар ва болалар саломатлигига жиддий зарар етказади. Бу нафақат алоҳида шахслар тақдирига, балки мамлакатнинг келажаги ва генофондига ҳам хавф туғдиради.
Янги қонун билан наркотик моддаларни тарқатишнинг замонавий усулларига қарши чоралар кучайтирилган. Шунингдек, ушбу турдаги жиноятлар учун жавобгарлик оғирлаштирилиб, вояга етмаганларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Саида Мирзиёева мазкур масалани шахсан ўз назоратига олганини маълум қилди:
"Бу курашда четда томошабин бўлиб туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жуда кўп нарса ота-оналарга, мактаб ва маҳалла фаолиятига, шунингдек, атрофидаги воқеаларга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсоннинг муносабатига боғлиқ", деган у.
Унинг фикрича, гиёҳвандликка қарши самарали кураш фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг биргаликдаги ҳаракатларини талаб қилади.

Изоҳлар мавжуд емас