Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги савдо-кўнгилочар марказларидан бирида содир бўлган ва уч ёшли қизчанинг ўлимига сабаб бўлган мудҳиш ёнғин бўйича қўзғатилган жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судида кўриб чиқила бошланди. Мазкур иш доирасида тўрт нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинган. Очиқ суд мажлиси шаклида ўтаётган ушбу жараёнга судя томонидан журналистларнинг киритилмагани алоҳида баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу ёнғин 31 январь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани Паркент кўчасида жойлашган "Aviator Korzinka" биносида содир бўлганди.
Судда жабрланувчи сифатида иштирок этаётган марҳума қизчанинг онаси фожиа юз берган куни бинода ҳеч қандай ёнғин хавфсизлиги тизими ва сигнализация ишламаганини, қочиб чиқиш учун эса атиги битта йўлак бўлганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, болалар майдончаси тепасидан тўсатдан қора тутун ёпирилган ва чироқлар бутунлай ўчиб қолган.
Оқибатда одамлар саросимага тушиб, бир-бирини босиб қочган, оиланинг 2023 йилда туғилган кенжа қизи эса оломон ва тутун ичида қолиб, ҳалок бўлган. Қизчанинг жасади воқеа содир бўлганидан тўрт соат ўтиб, фақатгина кечки соат 20:00 га яқин топилган.
Она суд залида марказий масъулларнинг "фожиа пайтида она воқеа жойида бўлмаган" деган иддаолари ёлғон эканини билдириб, айбдорларнинг қонунда белгиланган энг оғир жазога тортилишини талаб қилган. Ушбу фожиа оқибатида нобуд бўлган гўдакнинг ота-онасига шифокорлар ва яқинлари қизчанинг жасадини руҳий зарба олмаслиги учун морг биносида кўрсатишмаган. Навбатдаги суд мажлиси келаётган пайшанба кунига қолдирилган.

Изоҳлар мавжуд емас