Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ўзгартирилади. Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни алифбони такомиллаштиришга оид қонунни имзолади. Янги алифбода 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгиси бўлади, амалдаги ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларни эса алмаштириш талаб этилмайди.
Янги тартибга кўра, алифбодаги тўртта ҳарфнинг ёзилиши ўзгаради. Ўзбек тилидаги Ў, Ғ, Ш ва Ч товушларини ифодалаш учун янги белгилар жорий этилади:
-
Ўў — Öö;
-
Ғғ — Ğğ;
-
Шш — Şş;
-
Чч — Çç.
Шунингдек, "нг" ҳарфлар бирикмаси алифбодан чиқарилади. Бироқ унинг талаффузи имло қоидаларида сақланиб қолади. Ўзгаришлардан мақсад ёзувдаги техник ноқулайликларни камайтириш, матнларни компьютер ва смартфонларда теришни ҳамда ўзбек тилидан рақамли технологияларда фойдаланишни осонлаштиришдан иборат.
Қонун расман эълон қилинганидан олти ой ўтгач кучга киради. Янги алифбога ўтиш босқичма-босқич амалга оширилади: 2027 йилдан биринчи синф дарсликлари янги ёзувда чоп этила бошлайди, 2031 йилгача эса барча дарсликларни янгилаш режалаштирилган.
Аввал берилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз кучида қолади. Давлат ташкилотларининг пешлавҳа ва кўрсаткичларидан улар яроқсиз ҳолга келгунича фойдаланиш мумкин. Шу тариқа, алифбодаги ўзгаришлар сабабли барча ҳужжатларни бирданига қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг маълум қилишича, у алифбони такомиллаштириш ташаббусини 2023 йил 11 декабрда жадидлар меросига бағишланган конференцияда илгари сурган. Унинг таъкидлашича, янги алифбо ёзувдаги ноқулайликларни бартараф этиш, ёшлар саводхонлигини ошириш ва ўзбек тилининг рақамли макондаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас