Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Россия дунёдаги геосиёсий нотинчликларга ва иккиламчи санкциялар жорий этиш хавфига қарамай, ҳамкорликни фаол равишда кенгайтиришда давом этмоқда. Бу йил ташқи босим мамлакатлар ўртасида ўрнатилган яқин иқтисодий алоқаларга жиддий таъсир кўрсатмаслигини кўрсатди. Аксинча, Ғарб брендларининг Россия бозоридан чиқиб кетиши туфайли ўзбек тўқимачилик ва электротехника ишлаб чиқарувчилари янги имкониятларига эга бўлишди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик учун бу йил қандай кечди, ташқи ўйинчилар уни заифлаштира оладими, газ иттифоқи ва атом электр станциясининг қурилиши нима бўлади ва мамлакатимиз рус таълимига муҳтожми, деган саволларга “Маъно” тадқиқотли ташаббуслар маркази директори Бахтиёр Эргашев мухбиримизга жавоб берди.
- Бу йил Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигини қандай баҳолайсиз?
- Умуман, 2022 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, аввалги босқичларда шаклланган узоқ муддатли тенденциялар давом эттираётганини таъкидлаш мумкин. Дастлабки тўққиз ой охирида ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 28 фоизга ўсди. Бу жиддий натижа.
Менимча, Ўзбекистон ва Россия савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш йўлидан бормоқда. Масалан, жуда мураккаб 2022 йилда Ўзбекистон-Россия корхоналари сони сезиларли даражада кўпайганини ва умуман уларнинг сони уч мингдан ошганини кўрамиз. Шунингдек, Россия ҳудудида 600 дан ортиқ Россия-Ўзбекистон қўшма корхоналари фаолият кўрсатмоқда.
Бу кеча эмас, балки Ўзбекистон мустақилликка эришган кундан бошлаб ўрнатилган узоқ муддатли тренд ҳисобланади. Менимча, бу тренд давом этади.
Геосиёсат ёки геоиқтисодиёт фанини ўрганадиган халқаро муносабатлар ёки сиёсатшунослик факултетлари талабаларига биринчи дарсдан бошлаб география геосиёсат ва геоиқтисодиётни шакллантирадиган асосий ва объектив омил эканлиги айтилади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Россия билан муносабатларни ривожлантириш учун объектив географик асосларга эга.
Юк ташиш, транспорт харажатлари ҳар қандай бизнес-лойиҳани амалга ошириш ва илгари суриш, мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда асосий масалалар ҳисобланади, шундай бўлиб келган ва шундай бўлади ҳам. Геосиёсат асосчиси Ратцель айтганидек, география қисматдир. География шуни кўрсатадики, сиёсий алоқалар ва гуманитар алоқаларни ортидан олиб борадиган Ўзбекистон-Россия иқтисодий муносабатлари объектив бўлиб, география ва тарих томонидан белгиланади.
Ҳатто глобал маънода жуда қийин бўлган бу йил ҳам иқтисодиёт ҳар доим ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларини белгилайдиган объектив кўрсаткичлар ва объектив ҳақиқат асосида ҳаракат қилишини кўрсатди. Шу сабабли, 2022 йилда Россияга қарши санкцияларга қарамай, Ўзбекистон-Россия иқтисодий муносабатлари анча жадал ривожланди.
- Сизнингча, Ғарбнинг Россия Федерациясига қўйган санкциялар чекловлари икки томонлама товар айланмасининг ривожланишига кўпроқ ёрдам бердими ёки аксинча алоқаларни тўхтатишга хизмат қилдими?
- Айтганимдек, санкциялар Ўзбекистон - Россия иқтисодий ҳамкорлигига тўсиқ бўлмади. 2018 йилда Ўзбекистон ва Россия икки томонлама товар айланмасини йилига 10 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўйган.
Ҳар йили мамлакатларимиз ушбу мақсадга эришишга яқинлашмоқда. 2022 йилда у 8 миллиард АҚШ долларига яқинлашади. Менимча, кейинги 2-3 йил ичида 10 миллиард долларга эришиш мумкин.
-Келгуси бир неча йил ичида Ўзбекистон-Россия муносабатлари қандай ривожланади? Ўзбекистон Россия Федерациясига нисбатан прагматик бетарафлик сиёсатини давом эттирадими ёки делегациялари республикага тез-тез ташриф буюрган АҚШ икки мамлакат ҳамкорлигида бир оз совутишга эриша оладими?
- 1991 йилдан кейин шакллана бошлаган мустақил Ўзбекистоннинг сиёсий маданиятининг ўзига хос хусусияти прагматизмдир. Кўряпманки, бу жуда оғир йилда ҳам Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий фаолиятидаги прагматизм асосий тамойил бўлиб қолмоқда. Бу, юқорида айтиб ўтганимдек, географияга асосланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россия бозорлари кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради.
Ўзбекистон Россия иқтисодиётига зарур бўлган ва у ерда деярли ишлаб чиқарилмайдиган товарларни Россия Федерациясига етказиб бериши мумкин. Ўз навбатида, Россияда Ўзбекистон учун зарур бўлган маҳсулотлар мавжуд ва улар асосан ушбу номенклатура бўйича муқобилсиз етказиб берувчидир. Масалан, ёғоч асосан Россия Федерациясидан етказиб берилади. Россия маҳаллий корхоналарни, хусусан, энергетика объектларини техник модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш масалаларида жиддий шериклардан биридир. Россия металл маҳсулотлари ҳар доим ўзбек ишлаб чиқарувчилари ва қурувчилари учун устувор йўналишлардан бири бўлиб келган.
Шу сабабли, Ўзбекистон ва Россия ўзаро ҳамкорлик қилиши кераклигини кўрсатадиган объектив омиллар мавжуд. АҚШ ёки шу каби баъзи глобал куч марказлари қанча гапирмасин, Ўзбекистон ўзининг прагматик ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий сиёсати орқали Россия Федерацияси билан ишлайверади.
Қўшма Штатлар Россия Федерацияси билан мавжуд бўлган ҳажмларда ҳақиқий иқтисодий ҳамкорликни таъминлай олмайди. Шунинг учун улар Ўзбекистоннинг Россия билан иқтисодий алоқалари масалаларида вазиятни чигаллашатирмаслиги керак.
Шубҳасизки, АҚШ томонидан иккинчи даражали санкциялар масаласи қолмоқда, хусусан бу борада баъзи ўзбек компаниялари параллел импорт доирасида ишламоқда, маҳсулотларни Ўзбекистон орқали Россияга олиб боришажи. Бу, албатта, баъзи корхоналарга зарба бериши мумкин. Аммо, менимча, агар бизнесга фойдали бўлса, у буни амалга ошираверади ва унга халақит бермаслик керак.
Агар у ёки бу мамлакатлар аралаша бошласа, таҳдид қилса, санкциялар рўйхатига киритса, менимча, Ўзбекистон ҳам бунга жавоб бериши керак. Ахир, маълум бир глобал кучнинг у ёки бу қарорларига бўйсуниш суверенитет етишмаслигининг белгисидир. Миллий манфаат аҳоли фаровонлигини ошириш, бизнес имкониятларини ошириш, янги ишлаб чиқаришлар, иш ўринлари яратишдан иборатдир ва агар баъзи кучларнинг қарорлари бунга тўсқинлик қилса, мамлакат ўз иқтисодий ва сиёсий суверенитети таҳдидига қарши курашишни ва ҳимоя қилишни ўрганиши керак.
Назаримда, Ўзбекистон Россияга нисбатан совумайди. Ҳаммаси яна иқтисодиёт масалаларига қаратилган. Россия Федерациясида ҳар йили икки миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ишлайди. Масалан, 2022 йилнинг дастлабки 9 ойида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми қарийб икки баравар кўпайгани қайд этилган.
Иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистон Россияга муҳтож, Россия эса Ўзбекистоннинг айрим товар позицияларига жуда қизиқади. Шунинг учун бу ҳамкорлик фақат давом этади.
Жорий йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш, жумладан, "Агроэкспресс" лойиҳасини кучайтириш орқали жуда жиддий ўсиш кузатилди. Унинг доирасида маҳсулотлар темир йўл орқали Россиянинг йирик шаҳарларига жуда тез етказиб берилади. Бу йил Новосибирск, Красноярск ва эҳтимол Владивосток йўналишида агроэкспрессларни ишга тушириш режалари эълон қилинди.
Бу ҳар доим ўзбек мева-сабзавот маҳсулотлари учун савдо бозорлари бўлиб келган ва бу бозор қанчалик кенг бўлса, ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун шунчалик яхши, россиялик истеъмолчилари учун шунчалик фойдали бўлади. Бу ўзаро манфаатли ҳамкорликдир ва Вашингтондан келган "маслаҳатлар" мазкур йўналишни ўзгартириши даргумон.
Мен мамлакат экспорти диверсификация қилиниши кераклигига тўлиқ қўшиламан. Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги учта йирик шериги – Россия, Хитой ва Қозоғистон – Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасининг деярли 50 фоизини ташкил қилганда бу унчалик яхши эмас. Ўзбек маҳсулотлари экспортини диверсификация қилиш давом этади, аммо бу узоқ ва қийин жараён.
Ўзбек товарлари янги бозорларда жиддий ўринларни эгаллаб, жиддий ҳажмларни қўлга кирита олмагунча, Россия, Хитой ва Қозоғистон каби асосий ташқи савдо шериклар билан ҳамкорлик ҳар қандай ҳолатда ҳам устувор форматда давом этади.
- Икки мамлакатнинг асосий ҳамкорликдаги лойиҳаларидан қайсиларини кўрсатиб ўтардингиз?
- Ўзбекистон ва Россия ўртасида жуда муҳим иқтисодий лойиҳалар мавжуд. Улар орасида Татаристон компаниялари билан ҳамкорликда эркин саноат иқтисодий зонаси форматида "Чирчиқ" кимё-саноат технопарки ташкил этилди. Бу жуда жиддий, чунки бундай инновацион технологик ҳамкорлик Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги босқичидир. Умуман олганда, аста-секин Россия инвестициялари Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилишнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда.
Менимча, "Ўзбекистондан “тўқимачилик – мева – сабзавотлар" эвазига "Россиядан ёғоч ва металлар" эски формуласи аста-секин Россиянинг Ўзбекистондаги жиддий фаол инвестицион иштироки билан тўлдирилиб боради.
Бундан ташқари, "Газпромбанк" бошчилигидаги Россия банкларидан Олмалиқ кон-металлургия комбинатида "Ёшлик 2" мис конини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш лойиҳасига йирик инвестицияларни жалб қилиш лойиҳаси давом эттирилади. Бу Ўзбекистонда мис ишлаб чиқаришни икки баравар кўпайтиришга имкон берадиган кон ҳисобланади.
Жиззах вилояти ҳудудида Ўзбекистон атом электр станциясини қуриш масаласини ҳеч ким кун тартибидан олиб ташламайди. Бу жуда жиддий, ютуқли лойиҳа бўлиб, уни амалга ошириш, аввало, Ўзбекистон манфаатлари йўлида амалга оширилмоқда. Албатта, бу Росатом учун жуда қизиқарли ва муҳим ҳисобланади, чунки Россия компанияси ўз технологиялари билан Марказий Осиёнинг жуда истиқболли бозорига киради. Ўзбекистондан кейин Қозоғистон ҳам худди шу атом электр станциясини қурмоқчи.
Фармацевтика, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, электротехника соҳасида Ўзбекистонда зирҳли транспорт воситаларини таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича ўнлаб бошқа лойиҳалар мавжуд. Яъни, бу аслида жуда катта ва кенг кўламли лойиҳалар бўлиб, ишончим комилки, ҳам Ўзбекистон, ҳам Россия манфаатлари йўлида ишлаш учун амалга оширилади.
- Бу йил Россия таълимининг Ўзбекистонга кириб бориши ва Россия ОТМлари рўйхатини кенгайтиришдан эҳтиёт бўлишга чақирган мутахассисларнинг фикрлари янгради. Улар ёшларга таъсирдан чўчишмоқда. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?
- Яқинда Россиянинг собиқ совет давлатлари билан гуманитар ҳамкорлик бўйича катта социологик тадқиқот натижалари эълон қилинди. Ўзбекистон ахборот олиш истаги бўйича қизиқарли кўрсаткичлар мавжуд: фуқароларимизнинг атиги 18 фоизи мунтазам равишда Россия оммавий ахборот воситаларидан маълумот олишади, 37 фоизи вақти – вақти билан рус тилидаги манбаларга мурожаат қилишади, 45 фоизи эса фақат ўзбек манбаларидан маълумот олади.
Бу жуда қизиқарли кўрсаткичлар. Социология берадиган ҳақиқий манзарани кўрганингизда, "чуқур кириб борган" рус тарғиботи халқимизни зомби қилгани ҳақидаги сафсатани эшитганингизда, бу ёлғон ва тўланган шов-шувлар асабга тегишни бошлайди.
Шунингдек, Россия таълими тўғрисидаги гапларга ҳам шундай муносабат қилиш керак. У ўзгариб бормоқда, тобора рақобатбардош бўлиб бормоқда. 2000 йилларнинг охиридан бошлаб Россияда мактаб ва ОТМлар ўқитувчиларнинг иш ҳақини мунтазам равишда ошириш сиёсати Россия таълим тизимининг яхшиланишига олиб келди.
Ўзбекистонда таълим хизматлари истеъмолчиларининг учун жуда катта тўловга қодир бозори мавжуд. Ҳар йили 500 мингдан ортиқ болалар мактабларни битирадилар, уларнинг аксарияти олий маълумот олишни хоҳлашади. Албатта, ушбу бозор учун кураш олиб борилмоқда ва Россия ОТМлари ушбу бозорда энг фаол ҳисобланади. Ҳозирда Ўзбекистонда ўз хизматларини кўрсатадиган Россия ОТМларининг 14 та филиали мавжуд. Нима учун бу муаммо бўлиши керак? Агар таълим хизматларига талаб ва тўлов қобилияти мавжуд бўлса, баъзи ОТМлар бозорга фаол кириб, ўзларининг рақобатбардош хизматларини таклиф қилсалар, буни фақат олқишлаш мумкин.
Ахир фарзандларимиз Болтиқбўйи ёки Шарқий Европа мамлакатларининг унчалик ҳам яхши бўлмаган ОТМларида ўқишса яхшими? Улар ота-оналарининг ёнида яшаб, Ўзбекистондаги айрим ОТМлар филиалларида ўқишса афзалроқ бўлмайдими? Шу билан бирга, ушбу "мутахассислар" негадир Ғарб ОТМлари филиалларини очиш ҳам тез суръатларда бораётганини унутишади. Яъни, таълим хизматлари бозорида рақобат мавжуд ва бу нормал ҳолат. Натижада, болаларимиз ютиб чиқишади.
Шу боис, “мутахассислар” Ғарб фондлари ва ташкилотларидан олинган грантларни оқлашмоқда холос.
- Сизнингча, амалдаги энергетика инқирози билан боғлиқ вазият ҳукуматни Росатом билан атом электр станциясини қуриш лойиҳасини тезлаштиришга мажбур қиладими ёки энди мамлакат атом соҳасида Франция томонга бурилишни амалга оширяптими?
- Менга атом электр станциясини қуриш масаласида Франция билан ҳамкорлик қилиш ҳақида гап кетганда, мен ҳар доим Финляндияда 2005 йилда Франциянинг Areva атом компанияси томонидан қурила бошланган “Олкилуото” атом электр станциясининг учинчи энергоблокини қуриш тарихини эслайман.
У ўтган йилнинг декабр ойида, яъни 16 йилдан кейин ишга туширилган. Французларнинг ўзлари Францияда атом электр станцияларини қуриш бўйича кўникма ва малакаларнинг аксарияти йўқолганлигини тан олишади. Ва бу йил биз кўрган француз станцияларидаги реакторларнинг аянчли аҳволи бунга қўшимча тасдиқдир. Ғарб тарафдорлари ўзбек атом электр станцияси учун худди шундай тақдирни хоҳлайдиларми?
Ҳа, кўпчилик Ўзбекистонда тобора чуқурлашиб бораётган энергия танқислиги шароитида, катта шартномани имзолаш учун уни тайёрлаш босқичи иложи борича тезроқ якунланишини, амалий қурилиш ишлари бошланишини истайди. Бундан ташқари, аллақачон майдонча аниқланган. Аммо бундай жиддий масалаларда Ўзбекистон ҳар доим шошилмасликни, ҳамма нарсани ўйлаб кўришни афзал кўради.
Музокаралар давом этмоқда, шартнома шартлари келишилмоқда, бу одатий жараён. Қурилиш шартномаси қанчалик чуқурроқ ишлаб чиқилса, якуний натижа шунчалик яхши бўлади.
Шунинг учун мен Ўзбекистон ушбу қурилиш ғоясидан воз кечмоқчи эканлиги ҳақидаги провокацион баёнотларга берилиб кетмасдим. Ишончим комилки, атом электр станцияси айнан Росатом томонидан қурилади, чунки у бутун дунё бўйлаб атом электр станцияларини қуриш бўйича энг катта буюртмалар пакети ва компетенцияларга эга.
Айнан Росатом қурилишни, балки атом электр станциялари учун бойитилган ёқилғини нтказиб беришни ҳам таъминлай олади. Бундан ташқари, бу ишлатилган ядро ёқилғиси ва радиоактив чиқиндиларни йўқ қилиш ва қайта ишлаш бўйича жиддий комптенецияларга эга бўлган ягона глобал компания ҳисобланади. Бундан ташқари, биз бу борада таълим соҳасида ҳам илгарилаб кетамиз. Масалан, келгуси йилда Тошкентда фаолият юритаётган МИФИ филиали бакалаврларининг илк битирувчилари ўқишни тугатади.
- Келаётган йил ЕОИИга киришдаги вазиятни тубдан ўзгартира оладими? Россия газини Ўзбекистонга ўтказиш лойиҳасига аниқлик киритилади?
- Келинг, аввалига ушбу иккита саволни ажратайлик.
Ўзбекистон ЕОИИга киради, аммо масала бошқа жойда. Мамлакатимиз дастлаб ЕОИИга кириш жараёни силлиқ ва эволюцион бўлишини эълон қилганди. Ҳозирда Ўзбекистон ташкилот тартиб-қоидаларини ичкаридан ўрганиши, ўзи иштирок этишга тайёр бўлган қизиқарли лойиҳа ва дастурларни топиши, божхона қонунчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштириш соҳаларини синхронлаштириш бўйича жиддий ишларни амалга ошириши зарур.
Бу жуда катта иш, минглаб ҳужжатлар мавжуд. Шу билан бирга, келгуси йилларда ЕОИИнинг ўзи бошқа нарсага айланиши мумкин, бу жараёнларнинг барчаси диққат билан кузатилиши керак. Ўзбекистоннинг ташкилотга кириш жараёнини шошилмасдан амалга ошириш керак. Ўйлайманки, бу иш давом этади.
Худди шу нарса Россия табиий газини Ўзбекистонга сотиш бўйича альянс тузиш лойиҳасига ҳам тегишли. Ушбу лойиҳа объектив сабабларга кўра амалга оширилади. Масалан, аҳолининг доимий ўсишини, саноатлаштириш сиёсатини амалга оширишни ҳисобга олиш керак. Бу аҳоли ва саноат корхоналари томонидан табиий газга бўлган талабнинг ошишига, шу билан бирга Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ захиралари ва ишлаб чиқариш ҳажмининг босқичма-босқич пасайишига олиб келади. Буларнинг барчаси объектив равишда Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг ташқи манбаларига эҳтиёж сезишига олиб келади.
Битта етказиб берувчингиз бўлса, бу ҳар доим ҳам яхши эмас: бир нечта бўлиши керак. Табиий газни этказиб бериш манбалари диверсификация қилиниши керак. Ушбу сиёсат доирасида биргина Туркманистонга таяниш мумкин эмас. У жуда мураккаб ҳамкор ҳисобланади. Масалан, Туркманистон билан табиий газ етказиб беришга оид узоқ муддатли шартномалар бўйича музокаралар олиб боришнинг иложи бўлмаган.
Шунинг учун, Агар Туркманистондан ташқари, Россия каби яна бир табиий газ етказиб берувчиси бўлса, бунинг нимаси ёмон? Бу ҳар доим танлаш, келишиш, агар керак бўлса – нархни пасайтириш имконини беради. Харидор учун бир нечта етказиб берувчилар мавжуд бўлгани ҳар доим яхши. Ҳеч бўлмаганда шу нуқтаи назардан ҳам лойиҳа амалга оширилиши керак.
Умид қиламанки, Қозоғистон ҳам бу масалада конструктив позицияни эгаллайди ва давлатимиз Туркманистон газини етказиб беришни мувозанатлаштирадиган ва тўлдирадиган Россиядан керакли миқдордаги табиий газни олади.
Газ қанча кўп бўлса, иссиқлик электр станцияларида шунча кўп электр энергияси ишлаб чиқарилади, саноат корхоналари шунча кўп имкониятларга эга бўлади, аҳоли учун газ таъминотидаги узилишлар шунчалик кам бўлади. Шундай қилиб, ушбу лойиҳа жуда яхши истиқболга эга ва мен унинг амалга ошишига аминман.
Изоҳлар мавжуд емас