Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА.Республика махсус комиссияси 10 июлдан бошлаб карантин чораларининг қатъийлаштирилиш муносабати билан шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига оид қарорини эълон қилди. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан – 10.00 гача, 17.00 дан – 20.00 гача) иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилди. Қоидабузарликка йўл қўйган шахсларнинг автомашиналари жарима майдончаларига олиб кетилади.
Бу борада илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилади.
10 июльдан 1 августгача жамоат транспорти фаолияти тўхтатилади.
Ҳудудларга автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) тўхтатилади. Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно.
Вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари атрофидаги йўл патрул хизмати масканлари, блокпостлар ва тўсиқ постлар фаолияти ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларини ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси вакилларини жалб қилган ҳолда кучайтирилади.
Карантин даврида фуқароларнинг мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланишига фақатгина тиббий ниқобдан фойдаланган ҳолда ҳаётий зарур эҳтиёжлари – дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.
Изоҳлар мавжуд емас