Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва уларга имтиёзлар бериш тизими тубдан ўзгартирилмоқда. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган янги қарорларга кўра, эндиликда 2000 га яқин тадбиркорлик субъектига уч йиллик имтиёзлар қўлланилади. Бу ҳақида бугун Бизнес Омбдусман Жамоатчилик Кенгаши йиғилишида маълум қилинди.
Бундан ташқари, ноқонуний ва асоссиз текширувларнинг олдини олиш мақсадида тадбиркорларга ташриф буюрувчи секторлар ва назорат органларининг ҳар бир ҳаракати рақамлаштирилади.
Таъкидланишича, ўтган давр мобайнида 104 мингдан ортиқ текширувлар ўтказилган бўлиб, уларнинг 60 фоизида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган ёки атиги 24 соат олдин огоҳлантириш берилган. Энг кўп текширув ўтказган назорат органлари орасида солиқ ва СЭС идоралари етакчилик қилмоқда.
Шу билан бирга, текшириш тартибини бузганлик бўйича 5000 га яқин ҳолат аниқланиб, назоратчиларнинг ўзларига нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилган.
Шу сабабли, текширувларни рўйхатга олишнинг мутлақо янги тартиби жорий этилади. Бунгача мавжуд бўлган қоғоз шаклидаги "Текширишларни рўйхатга олиш китоби" атиги 14 фоиз ҳолатда тўлдирилгани ва бу самара бермагани сабабли, энди ҳар бир тадбиркорлик субъектига махсус QR-код берилади.
Тадбиркор ҳузурига келган ҳар қандай назоратчи ёки вакил телефон орқали ушбу QR-кодни сканерлаб, келиш мақсади ва ваколатини тизимга киритиши шарт бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистонда юк автомобиллари паркини янгилаш ва замонавийлаштириш мақсадида тадбиркорлар учун янги имтиёзлар жорий этилганди.
Бу Президентнинг "Автомобиль транспортида юк ташувларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас