Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Саудия Арабистони умра зиёратини амалга оширувчи хорижликлар учун янги тартиб жорий қилди. Энди зиёратчилар бир йил амал қиладиган кўп марталик умра визаси орқали мамлакатга бир неча бор кириши мумкин.
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги маълумотига кўра, янги виза 365 кун давомида амал қилади. Бироқ зиёратчининг мамлакатда умумий бўлиш муддати 90 кундан ошмаслиги керак.
Ҳар бир сафар олдидан зиёратчилар Nusuk платформаси орқали умра учун рухсатнома расмийлаштириши, шунингдек меҳмонхона, транспорт ва сафарга оид бошқа хизматларни олдиндан танлаши лозим.
Шу билан бирга, мазкур кўп марталик виза ҳаж мавсумида умра амалларини бажариш ҳуқуқини бермайди. Агар зиёратчи 90 кунлик лимитни тўлиқ ишлатса, мамлакатга қайта кириш учун янги виза олиши талаб этилади.
Бундан олдин ҳам Саудия Арабистони ҳукумати "Ҳаж–2026" мавсуми доирасида Макка шаҳрига кириш ва зиёрат жараёнларини тартибга солувчи янги қоидаларни жорий этганди.
Янги чекловлар зиёратчилар хавфсизлиги ва оқимни назорат қилишга қаратилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас