Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 20 июль куни Ўзбекистон ягона энергетика тизимида ёзги мавсум учун электр энергияси истеъмоли ва ишлаб чиқариш бўйича янги рекордлар қайд этилди. Аномал иссиқ ҳаво шароитида суткалик истеъмол 301,9 миллион киловатт соатга, ишлаб чиқариш эса 305,4 миллион киловатт соатга етди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда юзага келган қисқа муддатли носозликлар тезкор бартараф этилди.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, янги истеъмол кўрсаткичи ўтган йилги ёзги энг юқори натижадан 29,3 миллион киловатт соатга (10,75 фоиз), 18 июль куниги рекорддан эса 7,5 млн киловатт соатга (2,55 фоиз) юқори бўлган. Кундузги энг юқори юклама соат 17:22 да 14,2 гиговаттга етган. Шу куни электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам аввалги рекорддан 8,3 миллион киловатт соатга (2,79 фоиз) ошиб, 305,4 миллион киловатт соатни ташкил қилган.
Вазирлик таъкидлашича, юқори истеъмол даврида электр таъминоти барқарорлигини сақлаш мақсадида авария-таъмирлаш бригадалари кучайтирилган тартибда ишлаган. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Яккасарой, Чилонзор, Яшнобод ва Сергели туманларида электр тармоқларида юзага келган носозликлар оқибатида бир неча юздан 1,5 мингтагача истеъмолчи вақтинча электр таъминотисиз қолган. Барча ҳолатларда носозликлар қисқа вақт ичида бартараф этилиб, электр таъминоти тўлиқ тикланган.
Бундан олдин ҳам жорий йилнинг 18 июль, шанба куни суткалик электр энергияси истеъмоли 294,4 миллион киловатт соатни ташкил этиб, ёзги мавсум учун янги рекорд қайд этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас