Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрида 2026 йил 8 сентябрь куни ўқувчиларни транспорт воситаларидан хавфсиз тушириш ва олиб кетишга мўлжалланган махсус тўхташ жойлари ташкил этилди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида ушбу жойлар Юнусобод туманидаги 5-сонли ҳамда Шайхонтоҳур туманидаги 42-сонли мактаблар атрофида ташкил этилди.
Ажратилган ҳудудларда автомобилларни қисқа муддатга тартибли тўхтатиш учун махсус йўл белгилари ўрнатилиб, тегишли чизиқлар чизилди. Мазкур тўхташ жойлари эрталабки ва дарслар тугайдиган вақтда мактаблар атрофидаги тирбандликларни камайтириш ҳамда ота-оналарга бошқа ҳайдовчилар ва пиёдаларга халақит бермаган ҳолда фарзандларини хавфсиз тушириб қолдириш имконини яратади.
Энг муҳими, мазкур ечим ўқувчиларнинг автомобилдан тўғридан-тўғри йўлнинг қатнов қисмига чиқиб қолишининг олдини олиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳозирда пойтахтнинг бошқа таълим муассасалари олдида ҳам шу каби махсус тўхташ жойларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас