Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 28 июндан "Қурувчилар" ва "Янгиобод" метро бекатлари оралиғида поездлар ҳаракати тўхтатилади. Ушбу чора вақтинчалик бўлиб, ер усти линиясида режали профилактика ишлари билан боғлиқ.
Пойтахт метрополитенидан маълум қилишларича, "Қипчоқ" технопарки бекатлари оралиғидаги ер усти ҳалқа йўли участкасида босқичма-босқич режали профилактика ишлари олиб борилмоқда. Улар 3 ойга мўлжалланган.
Иш вақтида йўловчилар учун бепул метро автобуслари ишга туширилади. Улар ҳар куни соат 05:00 дан 23:00 гача "Қипчоқ - Янгиобод - Қипчоқ" йўналишида ҳаракатланади.
Аввалроқ Тошкент метрополитени ҳалқа йўлининг "Турон" ва "Қипчоқ" бекатлари оралиғида ҳам режали таъмирлаш ишлари сабаб поездлар ҳаракати тўхтатилганди.
Шу билан бирга, Тошкентда Янги Тошкентгача чўзиладиган янги метро линияси қурилиши ҳақида хабар берилган эди. Йўналиш 9 та бекатни ўз ичига олади ва кунига юз минглаб йўловчиларни қабул қилишга мўлжалланган. Йўналиш "Дўстлик" бекатидан бошланиб, Янги Тошкентда якунланади. Унинг узунлиги 21 километрни ташкил этади.
Изоҳлар мавжуд емас