Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Пойтахтдаги 154 ва 184-сонли йўналишларда автобуслар ҳаракатида кузатилган узоқ вақтли интерваллар ва ноқулайликлар айрим транспорт воситаларининг техник носозлиги туфайли юзага келган. Мутасадди идораларнинг расмий маълумотига кўра, айни пайтда ушбу муаммоларни бартараф этиш ва қатновлар барқарорлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
16 апрель куни 154- ("Бобур маҳалласи" – "Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси") ва 184- (Food City – "Обиҳаёт кўчаси") йўналишларининг ҳар бирида биттадан автобус носозлик сабабли йўналишга чиқмаган. Аслида тасдиқланган жадвалга кўра, 154-йўналишда 5 та, 184-йўналишда эса 9 та SAZ-LE 60 Isuzu русумли автобус 20 дақиқалик оралиқ билан ҳаракатланиши лозим эди.
Йўловчилар, хусусан Sokin Makon турар-жой мажмуаси аҳолиси автобусларнинг тез тўлиб қолаётгани ва кечки қатновларнинг чекланганлигидан шикоят қилишган. Бу ҳолат "Чинор" метро бекатига қатнайдиган фуқаролар учун қўшимча вақт ва маблағ йўқотилишига олиб келмоқда. Истиқболдаги режаларга кўра, 2026 йилда янги автобуслар харид қилиниши ҳисобига ушбу йўналишларда ҳаракат таркибини кенгайтириш ва муаммони тўлиқ ҳал этиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги бекатлардан бирининг ажабтовур ҳолати акс этган видео ва суратлар тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Гап шундаки, бекатнинг автобус тўхтайдиган қисми темир панжара билан тўсиб қўйилган бўлиб, йўловчилар транспортга чиқиш учун баланд тўсиқлардан сакраб ўтишга мажбур бўлишмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас