Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз берган хабарга кўра, Тошкентдаги 4-сонли шифохонанинг тиббиёт ходимлари беморга кўпол муносабати ва йўл қўйган камчилиги учун “ҳайфсан” билан қутулишган.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га шаҳардаги 4-сонли клиник шифохона врачларининг ҳатти-ҳаракатидан норози бўлган фуқародан мурожаати борган.
Мурожаатчининг айтишича, унинг онаси автоҳалоқатга учраб, Иргашев номидаги 4 сонли шифохонога ётқизилган. Беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, кўрикдан ўтиш ва даволашни белгилаш учун Республика нейрожарроҳлик марказига юборилган.
Уч кундан сўнг аёлнинг аҳволи оғирлашган ва оғриқлар кучайган. Бемор иккинчи маротаба ўша касалхонага олиб борилганида, ўта оғир ҳолатда бўлганига қарамай, унга тиббий ёрдам кўрсатилмаган.
Бемор қизининг сўзларига кўра, травматолог ва жарроҳ “бу менинг касалим эмас” баҳонасида аёлни қабул қилишмаган ва бир-бировларига юбораверишган.
Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, вазиятни ўрганиш ва тегишли чоралар кўриш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилган.
Вазирликнинг жавоб хатида қайд этилишича, беморга 4-сонли давлат клиник шифохонаси тиббиёт ходимлари томонидан амалдаги стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатилган. Аммо рентген текшируви пайтида хатога йўл қўйилган ва натижада беморнинг қовурғалари ёрилиши аниқланмаган. Ҳамширанинг қўпол муносабати эса исботланган.
Шу муносабат билан хато ва камчиликларга йўл қўйган тўрт нафар тиббиёт ходимига 4-сонли шифохона маъмурияти "ҳайфсан” интизомий жазосини қўллаган.
Изоҳлар мавжуд емас