Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти қурилиш соҳасида назорат самарадорлигини ошириш ва соҳани рақамлаштиришга қаратилган тақдимот билан танишди. Ҳозирда қурилиш объектларида видеокузатув камераларини ўрнатиш мажбурий эмаслиги соҳада тизимли назоратни чекламоқда.
Шу сабабли, қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган янги қурилаётган ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли турар жойлар, йирик савдо ва саноат мажмуаларида видеокузатув камераларини ўрнатиш таклиф этилди. Ушбу тизим лойиҳа ҳужжатларидан ўзбошимчалик билан чекиниш ҳолатларини олдиндан аниқлаш, ишчиларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш имконини беради. Шунингдек, видеокузатув орқали иш ҳақини "конвертда" тўлаш ҳолатларининг олди олиниб, яширин иқтисодиёт қисқартирилиши кутилмоқда.
Тақдимотда ноқонуний қурилишлар муаммосига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, республикада 3 791 та ноқонуний қурилиш объекти аниқланган бўлиб, уларнинг қарийб ярми (1 933 таси) саноат зоналари ҳудудига тўғри келади. Кўплаб объектларда ерга бўлган ҳуқуқ ёки экспертиза хулосалари мавжуд эмаслиги маълум бўлган.
Бу каби ҳолатларга барҳам бериш учун мулкдорларга ерга бўлган ҳуқуқ пайдо бўлган заҳоти қурилиш талаблари ҳақида электрон хабарнома юбориш, "Онлайн маҳалла" ва "Шаффоф қурилиш" тизимларини ўзаро интеграция қилиш, объектларни рухсатномасиз қурганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш таклиф қилинган.
Бундан олдин Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, қурилишга рухсат олишдан тортиб объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча босқичлар қайта кўриб чиқилиши белгиланганди. Бундан асосий мақсад — ортиқча қоғозбозликни бартараф этиш ва коррупция хавфини кескин камайтириш.

Изоҳлар мавжуд емас