Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонлик тадбиркорлар ва экспортёрлар учун Афғонистон бозори энг истиқболли ва тез ўсиб бораётган йўналишлардан бирига айланмоқда. Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойи (январь-апрель) якунларига кўра, Ўзбекистондан Афғонистонга қилинган экспорт ҳажми 550 миллион долларни ташкил этди.
Афғонистонга юборилаётган маҳсулотларнинг салмоқли қисми, яъни 268 миллион доллари озиқ-овқат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Ойлар кесимида экспорт ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилган:
- Январь: 111 миллион доллар;
- Февраль: 133 миллион доллар;
- Март: 134 миллион доллар;
- Апрель: 170 миллион доллар.
Айрим маҳсулот турлари бўйича ҳам кескин ўсиш қайд этилган. Хусусан, ўсимлик ёғи экспорти 38 миллион долларга етган бўлиб, январдаги 7 миллион долларлик кўрсаткич апрель ойига келиб 12 миллион долларни ташкил этган. Шунингдек, тухум экспорти 3,5 миллион долларни (январда 1 миллион, апрелда қарийб 2 миллион доллар), тирик товуқ экспорти эса 5,7 миллион долларни ташкил қилган.
Ўтган йили Афғонистонга жами экспорт 1 миллиард 800 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 4 миллиард долларгача етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун янги молиявий инструментлар ва механизмлар ишлаб чиқилган.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 16 май куни 100 га яқин тадбиркорлардан иборат делегациянинг Афғонистонга ташрифи режалаштирилган. Ташриф давомида Мозори Шариф, Қобул, Пулихумри, Боғлон ва Самонғон вилоятларида бизнес-учрашувлар ўтказилиб, янги ҳамкорлар топиш ва маҳсулотларни сотишга кўмаклашилади.
Мутахассислар барча экспортёрларни тайёр бозор имкониятларидан фойдаланишга ва Афғонистон йўналишида фаол бўлишга чақирмоқда.
Хусусан, биргина апрель ойида Қобул шаҳрида ўтказилган бизнес-конференция доирасида Андижон вилояти ва Афғонистон тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 520 миллион доллар бўлган 38 та савдо келишуви имзоланганди. Икки давлат хусусий секторлари вакиллари иштирок этган ушбу тадбир ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги бозорларни ўзлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас