Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда жамоат транспортида йўл ҳақини тўламай юриш учун жарималарни ошириш таклиф қилинди. Биринчи марта қоидабузарлик содир этган йўловчига 220 минг сўм, такрорий ҳолатда эса 440 минг сўм жарима солиниши таклиф этилмоқда.
Бу ҳақда "Ўзбекистон 24" телеканалига Тошкент шаҳрида йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси директори Муҳаммаджон Қаҳҳоров маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилган.
Ҳозир амалда троллейбус, трамвай, шаҳар ва шаҳар атрофи автобусларида йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланганлик учун жарима БҲМнинг ўндан бир қисми — 41,2 минг сўмни ташкил этади. Янги таклиф қабул қилинса, такрорий қоидабузарлик учун жарима амалдаги миқдордан 10 баравардан кўпроқ ошиши мумкин.
Жавобгарликни кучайтириш зарурати Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги қарорида ҳам белгиланган. Ҳужжатга мувофиқ, Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига қонунчиликка тегишли ўзгартишлар тайёрлаш вазифаси юклатилган.
Бундан ташқари, 1 сентябрдан брутто-шартнома тизими асосида ишлайдиган автобусларда йўловчилар йўл ҳақини автобусга чиққандан кейин дарҳол тўлаши шарт бўлади.
Агар йўловчи йўл ҳақини тўламаса ёки имтиёзини валидатор орқали тасдиқламаса, у чиптасиз йўловчи ҳисобланади.

Изоҳлар мавжуд емас