Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига жами 177 миллион 400 минг сўм миқдорида пора таклиф қилган 30 та ҳолат аниқланди. Ҳуқуқбузарлар содир этган қоидабузарликларини "босди-босди"қилиш мақсадида ходимларга йирик миқдорда маблағ беришга уринган вақтида қўлга олинган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасини коррупциядан тозалашга қаратилган назорат тадбирлари давомида аниқланган айрим ҳолатлар эътиборни тортади. Хусусан, Бухорода маст ҳолда Chery автомобилини бошқарган ҳайдовчи ва транспорт воситасининг эгасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Автомашина эгаси жавобгарликдан қочиш учун инспектор Сафдор Ҳалимовга 2000 доллар пора таклиф қилган ва 25 миллион сўм бераётган вақтида ушланган.
Қашқадарёдаги ҳолатда эса Қарши шаҳрида Lacetti русумли машинани маст ҳолатда бошқарган шахс автомашинани жарима майдонидан чиқариш ва ишни судга оширмаслик эвазига бўлинма бошлиғига 2000 доллар пора таклиф қилган. Қонунбузар хизмат хонасида пулларни бераётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ички ишлар вазирлиги ҳайдовчиларни йўл қоидаларига амал қилишга ва жазодан қутилиш учун коррупцияга қўл урмасликка чақирмоқда.
Бундан олдин ҳам Тошкентда ички ишлар ходимига 50 минг доллар пора таклиф қилган шахс қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас